Ўзбекистон | 14:29 / 02.03.2016
4638
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда "Электрон ҳукумат"га мурожаатлар сони 3 баравар ошди

2015 йилда Давлат хизматлари ягона портали (my.gov.uz) орқали мурожаатлар 3,3 баравар ошиб, 317 минг мурожаатни ташкил қилди. Бу ҳақда портал матбуот хизмати асосида Спутник хабар берган.

Ушбу мурожаатларнинг 117 минглик қисми аҳолидан, 200 минги – юридик шахслардан. Шундан 190 минги – тадбиркорлик сутъектларидир. Шу билан бир вақтда телефон орқали мурожаатлар сони ҳам 2,7 баравар кўпайган.

“Ягона порталга ҳар куни ўртача 1,8 минг мурожаат келиб тушмоқда. Бу аҳолининг ўз ҳуқуқларидан фойдаланиш уқуви ошаётганидан дарак беради. Ундан ташқари, 2015 йилда ЯИДХПга янги қонунчилик актларини баҳолаш ва муҳокама қилиш бўлими очилди. Ушбу бўлим орқали 2015 йилда 453 қонунчилик ҳужжати муҳокамага чиқарилди”, дейилган портал матбуот хизмати хабарида.

2013 йил январида Ўзбекистон президенти “Электрон ҳукумат” тизимини ишлаб чиқаришга топшириқ берди. Ҳозирги вақтга келиб Ўзбекистон электрон ҳукумати тизимида 20дан ортиқ лойиҳалар фаолият кўрсатмоқда. 2013 йилнинг 1 июлидан ишга туширилган ЯИДХП тизими ҳозирги кунга келиб 600 давлат бошқарувчи ташкилот ва муассасалари номидан 280 интерактив хизматлар кўрсатмоқда.