Спорт | 12:05 / 04.03.2016
13876
2 дақиқада ўқилади

Руслан Чагаев: Рингда Брауннинг ғалаба ҳақидаги орзусини чиппакка чиқараман

5 март куни супероғир вазн тоифасида Жаҳон бокс ассоциацияси (WBA)нинг мунтазам чемпиони ҳисобланган ўзбекистонлик Руслан Чагаев Грознийдаги "Ахмат Арена"да австралиялик "Катта дада" лақабли Лукас Браунга қарши жанг ўтказади. Ушбу муносабат билан кеча, 3 март куни Грозний шаҳридаги "Колизей" спорт саройида махсус матбуот анжумани уюштирилди.

"У қийин рақиб, унинг яхши зарбаси бор. Лекин барчасини рингда кўрамиз. Барчаси режа бўйича кетмоқда, аммо албатта ўз режам ҳақида ҳозир сизга айта олмайман", дейди Чагаев жанг олдидан.

Ўз навбатида унинг рақиби ғалабадан бошқа натижа ҳақида ўйламаётганини билдирган. "Мен 12 раундлик жангга тайёрман, аммо бу жангни эртароқ тугатиш ҳақида ҳам ўйлаяпман", дейди у.

"Ҳеч ким рингга ютқазаман деб чиқмайди, бу аниқ. Лекин мен рингда унинг фикрини ўзгартираман", дейди ўзбекистонлик боксчи унга жавобан.

У шунингдек, рақибнинг бўйи узунлиги ўзи учун муаммо туғдирмаслиги ҳақида айтиб ўтган. "Каттами, кичикми бу унча аҳамиятли эмас. Рингга кўтарилиб, бир неча зарба билан бўйи баланд рақибнинг бўйини пасайтириб қўйиш мумкин", деб қўшимча қилади у.

Маълумот учун, 37 ёшли Чагаев ҳисобида ҳозирги кунга қадар 34 ғалаба (уларнинг 21 тасида нокаут билан ғалаба қозонган), 2 мағлубият ва 1 дуранг бор. 36 ёшли Лукас Браун эса 23 ғалабага эришган бўлиб, уларнинг 20тасида рақибларини нокаут қилган.

Руслан Чагаев 1,5 йил олдин айнан Грознийда, 35 минг мухлис билан тўлган "Ахмат-Арена"да Фрес Окендони енгганди.

Руслан Чагаев Лукас Браунга қарши жангда ғалаба қозонган ҳолда Фрес Окендога қарши рингга кўтарилиши кўзда тутилган.

5 март: Руслан Чагаев Лукас Браунга қарши

WBA ўта оғир вазн тоифасида Руслан Чагаев иштирокида турнир ташкил қилмоқчи