Жамият | 13:03 / 07.03.2016
9085
2 дақиқада ўқилади

Дубайда 4 нафар киши Феррарини юқори тезликда ҳайдаш натижасида ҳалок бўлган

Дубайнинг Jumeirah Lakes Towers туманида хориждан келган кишилар ижарага олинган Феррари автомобилида кетаётиб, автоҳалокатга учрашди.

Маълумотларга кўра, машина юқори тезликда бўлганлиги сабабли электр қуввати устунига қаттиқ урилиб, иккига бўлиниб кетган. 

Аслида икки йўловчи учун мўлжалланган машинада уч нафар европалик (улар орасида аёл ҳам бор) ва бир нафар канадалик киши бўлган.

Дубай Йўл ҳаракати полицияси бошлиғи Саиф Ал Мазроуининг қайд этишича, йўловчилар тезлик меъёри соатига 60 км.ни ташкил этса-да, автомобилни жуда ҳам юқори босимда бошқаришган. “Кучли автоҳалокат натижасида 3 нафар европалик воқеа жойида кўз юмди, канадалик эса оғир тан жароҳати билан шифохонага етказилди. Лекин бироз вақтдан сўнг у ҳам жон берди”, - дейди Саиф Ал Мазроуи.

Айни дамда полиция ҳалокат чоғидаги тезлик кўрсаткичини аниқлаш учун машинани ижарага берган фирма билан боғланишга ҳаракат қилмоқда.