Жаҳон | 09:03 / 08.03.2016
7518
2 дақиқада ўқилади

Европа Иттифоқи ва Туркия миграция муаммоси бўйича келишувга эришдилар

Европа Иттифоқи ва Туркия Бельгиядаги саммитда миграция муаммосини ҳал қилишнинг асосий тамойилларини келишиб олдилар. Бу ҳақда Twitter’да Еврокомиссиянинг расмий вакили Мина Андреева маълум қилди.

"Еврокомиссия раиси Жан-Клод Юнкер ва Еврокенгаш раиси Дональд Туск ЕИ саммитида Туркия бош вазири Аҳмет Довудўғлу билан муҳожирлар инқирозини биргаликда ҳал қилишнинг асосий тамойилларини келишиб олдилар", деб ёзди Андреева.

Тускнинг маълум қилишича, Европа Иттифоқи ва Туркия муҳожирлар оқимини қисқартиришга келишиб олдилар. У, шунингдек, қочқинларнинг Европа Иттифоқига "болқон йўналиши" бўйича кириши бундан буён "ёпилганини" эълон қилди. "Европага ноқонуний миграция кунлари поёнига етди", деб қўшимча қилди Туск.

Франция президенти Франсуа Олланд ўз навбатида Туркияга миграция муаммосини ҳал қилиш учун яна 3 млрд евро ажратилиши мумкинлигини айтди. У, шунингдек, Анқара Грецияга Туркиядан келган муҳожир ва қочқинларни қабул қилишга рози бўлганини маълум қилди. Олланднинг таъкидлашича, Европа Иттифоқи шенген келишувини сақлаб қолишга муваффақ бўлди.     

Германия канцлери Ангела Меркель агар Анқара ўзида қочқинларни қабул қилишга рози бўлса, унда ЕИ июндаёқ Туркия билан виза тартибини юмшатиши мумкинлигини айтди.

7 мартда Брюсселдаги музокараларда мураккабликлар вужудга келгани ҳақидаги маълумот пайдо бўлганди. Музокаралар давомида Туркия раҳбарияти миграция инқирози билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш учун Европа Иттифоқидан 20 млрд евро сўрагани маълум қилинганди.