Спорт | 09:30 / 09.03.2016
11749
2 дақиқада ўқилади

Чагаев ва Браун ўртасида ўтказиладиган реванш жангининг эҳтимолий муддати маълум қилинди

5 март оқшомида супероғир вазн тоифасида Жаҳон бокс ассоциациясининг (WBA) мунтазам чемпиони камарини австралиялик даъвогар Лукас Браунга бой берган ўзбекистонлик боксчи Чагаевнинг жамоаси реванш юзасидан музокараларни бошлайди.

ТАСС ахборот агентлиги хабарида айтилишича, боксчиларнинг вакиллари айни пайтда WBA билан ҳам музокара олиб бормоқда. Реванш жанги шу йилнинг августида ўтказилиши мумкин.

Қайд этиш керакки, Чагаев ўз камарини иккинчи марта ҳимоя қилишда муваффақиятсизликка учради. 2014 йилнинг июлида у америкалик Френс Окендони мағлуб этиш орқали бу камарни қўлга киритганди. 2015 йилнинг июлида у италиялик даъвогар Франческо Пьянетни биринчи раунддаёқ нокаутга учратиб, камарни ўзида сақлаб қолганди. Унинг ҳисобида профессионал боксдаги 34 ғалаба (21 нокаут), 3 мағлубият ва 1 дуранг бор. Браунгача у фақат украиналик Владимир Кличко ҳамда россиялик Александр Поветкиндан мағлуб бўлганди.

Грознийдаги жангнинг 10-раундида техник нокаут орқали ғалабага эришган Лукас Браун эса ҳали профессионал боксда мағлубият нималигини билмаган - 24 ғалаба (21 нокаут).

Бундан олдинроқ Чагаевнинг жамоаси ушбу жанг натижасига апелляция бериши маълум қилинган эди.