Жамият | 15:27 / 09.03.2016
51434
4 дақиқада ўқилади

Оила билан кўриб бўлмайдиган томоша ёки бизни “думалатган” уятсиз гаплар

Дам олиш кунларимнинг бирини бирор-бир фильм кўриб ўтказишни ният қилдим-да, диск сотаётганлар қатор тизилиб турган “раста” томон секин одимладим. Эҳ-ҳе... Дискларнинг турли-туманлари бор: хориж фильмлари дейсизми ёки ўзимизникими, клиплар “гулдастаси”дан тортиб, ҳар хил сериаллар “мажмуа”сигача, хуллас, йўқ нарсанинг ўзи йўқ. Қай бирини олишингнида билмайсан, киши. Бошинг айланиб, бор кучингни таваккалчиликка берасан, кўзга яқинроқ бирор-бир фильмли дискни сотиб оласан. Аммо ўша куни бозорни “қайнат”ган бир сабаб бор эдики, барча “дискчилар”нинг оғзида бир гап айланарди: “Дизайннинг янгиси чиқди...”.

Табиийки, қизиқиш пайдо бўлди ва диск сотаётган йигитлардан “Дизайн” гуруҳининг янги концерт дискини сўрадим. Улар мийиғида кулишди-да, “Буни ўзингиз кўринг, оилавий томоша қилиб бўлмайди”, деб шипшитиб қўйишди. Яъни...

Ана шу “яъни”га концерт дастурини томоша қилиш пайтида гувоҳ бўлдим. Катта бир концерт саройида кўчаларда, телевидение ва матбуот орқали рекламаси кетган, мухлислари ошиқиб кутган “Дизайн” жамоасининг концерт намойиши ҳақида очиғи, нима деб гапиришни билмай қолдим. Чунки журналист, нимадир ҳақида ёзаяптими, далил-исботи билан ёзиши керак. Ҳар ҳолда устозлар бизга шундай ўргатишган. Аммо концерт дастурида айтилган гапларни, ибораларни, жумлаларни, хуллас, ўша кулгуни ҳеч қанақасига, на очиқ-ойдин ва на “пахтага ўраб” ёзиб бўлмайди. Чунки бунга қўл бормайди, юз чидамайди. Ўқувчилардан андиша қилади одам. Аммо мана шу ерда ёзишга ийманиб турганимиз ўша гапларни деярли беш минг томошабин қаршисида, (бу саноққа дисклар ва интернет орқали томоша қилганлар қўшилмади) бемалол айтишга уларни нима ундади? Машҳурликка бўлган илинжми? Ёшлар тилида достон бўлишми? Ёки “кўча кўрган йигитликларини” кўрсатиб қўйишми? Хуллас, билмадим, билолмадим...

Шу ўринда концерт иштирокчилари томонидан айтилган диалогни айтиб ўтсам:

— Раҳмат, раҳмат деявермаларинг, шу сўзни эшитсам, асабим чиқади... Мениям раҳмат айтадиган жойларим бор...
— Кимга раҳмат айтмоқчисан?
— “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмасига. Олдиларига бир қоп ғоя олиб борсанг, бир пиёла қолдиришади...

Агар йигитларнинг “бир пиёла” ғояси шу бўлса, “Шум бола” фильмида бой айтганидек “Ҳали бу чаласи бўлса, ҳаммасини айтсанг бира тўласи ўлдирар экансанда а?..”.

Бир куйганимга минг куйган бўлиб қўшилган дард бу эмас аслида. Саҳнада туриб айтилаётган уятсиз, бепарда сўзларга зални бошига кўтариб, хохолаб кулаётган инсонлардир. Улар орасида хотин-қизлар ҳам бор, ёши катта-кичиклар ҳам...

Биз ўзимизни шунчалик ҳурмат қилмай қўйдикми?
Бизнинг савиямиз шу даражага етдими?
Биз мободо телба бўлиб қолмадикми?

Гапларимни танқид қилишга шошилманг... Балки мен ошириб-тошириб гапираётгандирман, аммо бу нарсаларга жим қараб туролмайман. Чунки фуқаролик позициям бунга йўл қўймайди.

Савиясизлик, дидсизлик, шарм-ҳаёсизлик, уятсизлик бугун бизни нафратланишга эмас, акчинча, кулдиришга туртки бўляптими, бу ишлар катта-катта саҳналарда, минглаб одамлар қаршисида бемалол гапириляптими ва энг ачинарлиси бу гап-сўзларни бемалол, хохолаб, қўлларимизга шапиллатиб, қизармасдан, кулиб томоша қиляпмизми, демак, ҳеч кимдан, ҳеч нарсадан хафа бўлишга ҳаққимиз йўқ.

Замонни тинч қўяйлик...
Тирикчиликни баҳона қилмайлик..
Шунчаки, шунчаки ИНСОН деган мукаррамликдан бошқа нарсага айланиб қолмаяпмизми, деб ўзимизга ўзимиз савол берайлик...

Сарвар Анвар ўғли