Жаҳон | 21:46 / 10.03.2016
4137
2 дақиқада ўқилади

Reuters: Эрон Россия ва ОПЕКнинг келишувига халақит бермоқда

Reuters ахборот агентлиги ўз манбаларига иқтибос келтирган ҳолда хабар беришича, Россияда 20 март куни нефть ҳажмини музлатиш бўйича янги музокаралар ўтиши керак, бироқ бунга Эрон халақит қилмоқда. Эрон нефть ҳажмини январь ойи даражасида қолдиришни истамаяпти.

Эрон ҳукуматининг фикрича, улар келишувга қўшилишга ва унинг умумий шартларига амал қилишга мажбур эмас, чунки Эрон санкциялар бекор қилингандан кейин нефть қазиб олишни ошириш ва нефтни экспорт қилишга умид қилмоқда. Эроннинг бундай қатъий муносабати Кувайт фикрига таъсир қилди. Кувайт вакили номаълум қолиш шарти билан агар нефть бозорининг барча энг йирик иштирокчилари, жумладан Эрон келишувга қўшилмаса, қироллик ҳам келишувга қўшилмаслигини айтган.

"Улар аввал ҳам келиша олишмаган. Яна учрашишнинг нима кераги бор? Эрон нефть қазиб олишни қисқартирмайди, келишувнинг муваффақияти эса фақат унгагина боғлиқ", деб айтди ахборот агентлигига ОПЕКга кирувчи нефть ишлаб чиқарувчи йирик давлат вакили.

ОПЕКнинг бир қатор вакиллари учрашув бўлиб ўтгунча нефть нархининг яна пасайишидан хавотирланмоқда.

"Бизнинг фикримизча, истиқболи йўқ учрашувда иштирок этишдан маъно йўқ, чунки бу нефть нархларига яна зарба бериши мумкин", деб айтди ОПЕКка аъзо давлатнинг яна бир вакили ва гап Россиядаги учрашув ҳақида кетаётганини қўшимча қилган.

Агентлик маълумотларига кўра, Эрон санкциягача бўлган нефть қазиб олиш ҳажмини, яъни кунига 4 млн баррель нефть қазиб олиш ҳажмини тўлиқ тикламоқчи. Бу масалани тартибга солиш учун Россия энергетика вазири Александр Новак Эронга бориб, Эронга келишувга қўшилишни таклиф қилиш учун музокаралар ўтказади.