Жаҳон | 23:51 / 10.03.2016
5780
2 дақиқада ўқилади

Трамп АҚШга 2,5 трлн долларни қайтариш учун унга "15 дақиқа" кифоя қилишини айтди

АҚШ президенти лавозимига номзод Дональд Трамп АҚШдаги солиқ тизими билан боғлиқ муаммоларни "бор-йўғи 15 дақиқада" ҳал қилиши мумкинлигини айтди. У бу ҳақда CNBC телеканалига берган интервьюсида айтиб ўтди.

Трампнинг фикрича, АҚШ дунёда энг юқори солиқларга эга давлат бўлиб, бунинг натижасида кўплаб компаниялар уни тарк этмоқда.

"Биз ўз компанияларимизни АҚШда сақлаб қолишимиз керак. Кўпчилик кетмоқда, бироқ мен асл вазият таъкидланаётгандан анча ёмонроқ эканлигига ишончим комил. Компаниялар АҚШдан юқори солиқлар туфайли кетмоқда. АҚШ – энг юқори солиқларга эга давлат", деб айтди Трамп телеканал эфирида.

Трампнинг ҳисоб-китобларига кўра, АҚШ солиқ тизими туфайли бир неча йил ичида 5 трлн га яқин пулдан маҳрум бўлган. Унинг таъкидлашича, бу рақам 2,5 трлн доллар деб умум тан олинган ва барча бу муаммо борлигига рози, бироқ унинг ечими сиёсий партияларда етакчининг йўқлигига тақалади. Трампнинг фикрича, у бундай етакчига айланади.

"Демократлар ва республикачилар, ҳамма бу масалани 3 йил ичида ҳал қилиш мумкинлигига розилар. Мен эса бу муаммони йиғилиш ўтказиб, 15 дақиқада ҳал қилишим мумкин", деб айтди Трамп.