Жаҳон | 10:58 / 12.03.2016
1939
1 дақиқада ўқилади

АҚШнинг бешдан ортиқ штати рекорд даражасида тошқин ичида қолди

АҚШдаги Мексика кўрфази соҳилида ёғаётган шиддатли ёмғир ва сув тошқини натижасида бешта инсон ҳаётдан кўз юмди, деб хабар беради NBC News.

Об-ҳаво миллий хизматининг хабар беришича, яқин соатлар ичида туманларда 13 см. гача бўлган ёғингарчилик кутилмоқда. Сув тошқини Луизиана, Арканзас ва Техаснинг катта қисмини босиб қолди.

Ташкилотнинг матбуот хизмати дарё ва кўллардаги тошқинлар бир неча кун мобайнида ва келаётган ҳафта ҳам доимий хавф солиши мумкинлигини эълон қилди.

Айни дамда фақатгина Луизиана штатидаги 3500 нафарга яқин инсон эвакуация қилинган. Маҳаллий аҳолининг айтишича, Сабина дарёси 1884 йил қайд этилган энг юқори баландликка кўтарилиши мумкин. Тошқинлар Янги Орлеан яқинидаги автомобиль йўллари кўпригини ювиб ўтди.

Шунингдек, фавқулодда вазиятлар Миссисипи, Теннесси ва Оклахома штатларида ҳам қайд этилган.