Ўзбекистон | 16:56 / 14.03.2016
3920
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда А-380 халқаро автомобиль йўлида таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда

Ўзбекистонда халқаро талабларга тўла жавоб берадиган миллий автомагистрал барпо этиш, уни дунё йўлларига туташтириш, автотрассалар бўйида замонавий инфратузилмани ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "2015-2019 йилларда муҳандислик-коммуникация ва йўл транспорт инфратузилмасини ривожлантириш ва модернизациялаш дастури тўғрисида"ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда. Унга кўра, Ўзбекмиллий автомагистрали таркибига кирадиган автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш ишлари изчил давом эттирилмоқда.

Жумладан, мамлакат автомобиль йўлининг улкан артерияларидан ҳисобланган А-380 "Ғузор-Бухоро-Нукус-Бейнеу" халқаро автомобиль йўлининг қурилиши йўлсозлар олдига қўйилган биринчи даражали вазифалардан ҳисобланади. Бу борада салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, А-380 "Ғузор-Бухоро-Нукус-Бейнеу" автомобиль йўлида 2015 йил ҳисобида 118 км узунликдаги автомобиль йўлларини реконструкция қилиш ишлари бажарилди.

Унга қадар, А-380 йўлининг Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудидан ўтган 440-581 км қисмини қайта қуриш ишлари бўйича халқаро тендер савдолари ўтказилиб, унда қатнашган Корея Республикасининг «POSCO» ҳамда Германия Федератив Республикаси «Papenburg» компаниялари объектларнинг цементобетон қопламасини қуриш ишларига бош пудратчи этиб тайинланган ва йўлнинг 141 км қисми қуриб битказилган эди.

Объектнинг тупроқ кўтармаси ва асосларини қуриш ишларида маҳаллий пудратчилар – Ромитан ТЙХПТФК, Тошкент КХСИТФК, Қорақалпоғистон КХСИТФК қатнашди.

А-380 "Ғузор-Бухоро-Нукус-Бейнеу" автомобиль йўлининг 812-832 ва 832-846 км қисмини (Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида) қайта қуриш бўйича қурилиш монтаж ишлари Тошкент КХСИТФК ва Шимолий-Ғарбий ХДААЙСИТФК томонидан олиб борилган бўлиб, 34 км юқори сифатга эга йўл қуриб битказилди.

Қайта қурилгандан сўнг, юқоридаги объектлардаги йўлнинг ҳолати II-техник тоифали йўлдан, I-тоифага ўтказилиб, юк кўтариш қобилияти бир ўқга (os) 13 тонна юк тушишига мўлжалланган даражага келтирилди.

"Бир сўз билан айтганда, ушбу - ўзбек миллий автомагистралининг таркибий қисми саналмиш халқаро аҳамиятдаги А-380 -"Ғузор-Бухоро-Нукус-Бейноу" автомобиль йўлининг юқоридаги кўрсатилган бўлимларида қайта қурилган 175 км қисмига қўшимча равишда яна 118 км йўл жаҳон стандартларига мос сифатда қуриб битказилди. Эндиликда бу равон ва шу билан бирга мустаҳкам сифатга эга йўллар ҳали узоқ йиллар давомида халқимизнинг узоғини яқин, оғирини енгил қилишда асқотибгина қолмай, мамлакатимиз иқтисодиётининг ўсишига ҳам хизмат қилади", дейилади "Ўзавтойўл" АК матбуот хизмати хабарида.