Жаҳон | 15:49 / 14.03.2016
2109
2 дақиқада ўқилади

Сноуден: АҚШ ташкилотлар ортидан кузатишни оқлаш учун террорчиликдан фойдаланган

АҚШ БМТнинг Болалар жамғармаси – ЮНИСЕФ, адвокат ва журналистлар ортидан кузатув олиб борганини оқлаш учун террорчиликдан фойдаланган. Бу ҳақда АҚШ махсус хизматларининг собиқ ходими Эдвард Сноуден La Sexta телеканалига берган интервьюсида айтиб ўтди.

"Биз креветка ёки электрон сигаретлар нархи бўйича музокаралар олиб борган адвокатлар ортидан кузатганмиз. Биз ЮНИСЕФ, журналистлар, америкалик профессорлар ортидан айғоқчилик қилганмиз", дейди Сноуден.

"Бу дастурлар террорчиликка алоқаси бўлмаган. Бу ўзини оқлаш бўлган. Бу дипломатик кўзбўямачилик, иқтисодий айғоқчилик ва ижтимоий назорат бўлган. Бу куч бўлган ва ёппасига кузатув олиб бориш давлат ҳокимиятини кучайтиришига ҳеч қандай шубҳа йўқ", деб таъкидлаб ўтди Сноуден.

Сноуден, шунингдек, Европанинг етакчи давлатлари ҳукумати ўз фуқаролари ортидан кузатишини айтди.

"Испания, Франция, Германия ва, айниқса Британия ҳукумати кузатув олиб боради. Чунки бу арзон, осон ва фойдали", деб қўшимча қилди Сноуден.

"Испанияда 45 млн киши бор ва ҳар кун улардан кимдир матнли хабар юборганда, қўнғироқ амалга оширганда, веб-сайтга кирганда бу ёзиб олинади. Ҳар гал сиз бирор харид амалга оширганизда бу ёзиб олинади", деб айтди Сноуден.

Сноуден Россия ҳукумати билан ҳамкорлик қилган-қилмагани ҳақидаги саволга "Мутлақо йўқ", деб жавоб берди.

"Мен барчасини бирор ҳукумат таъсирига учрамасликни ҳисобга олиб режалаштирганман. Мен Россия ҳукумати менга бошқа исталган давлатдан кўпроқ қизиққан, деб ўйламайман. Гап шундаки, мен ҳеч қачон Россияда қолишни мўлжалламаганман", деб қайд қилди собиқ жосус.

АҚШда Сноуденга жосуслик ҳақидаги қонуннинг иккита моддасини бузиш айби қўйилмоқда. Улардан ҳар бири бўйича унга 10 йиллик қамоқ жазоси қўлланиши мумкин.