Жамият | 10:51 / 17.03.2016
1921
2 дақиқада ўқилади

Британиялик уйсизнинг яхшилиги унга 15 минг доллар келтирди

Британияда ёрдамга муҳтож қизга яхшилик қилгани учун уйсиз эркак бир кечада 15 минг долларлик бўлиб олди.

Воқеа Лондондан Милтон-Кинсга кетувчи поездга кеч қолган ва тунни кўчада ўтказишга мажбур бўлган Николь Сежебир билан бўлиб ўтди. Бунинг устига қизнинг телефони қувватсиз бўлиб, у яқин атрофда у-бу кимни танимасди ҳам.

Ана шундай вазиятда у Марк исмли уйсиз эркакни учратди. Марк Николга ёрдам берди: уни кичикроқ бошпанага олиб борди ва тонгда станцияга қайтиб олиб келди.

Хайрлашув пайтида қиз Марк билан селфига тушди ва унга кўрсатган ёрдами учун ташаккур билдирди.

Николь Маркка ёрдам кўрсатиш учун интернетда махсус саҳифа очди ва 11 минг фунт стерлинг (15 580 доллар) йиғишга муваффақ бўлди. Пуллар Маркка етказилди.

“Менинг уйсиз ҳолатда кўчада яшашим, одамларга ёрдам бера олмайдиган даражада ношудлигимдан далолат эмас”, — дейди Марк ўзи ҳақида.