Ўзбекистон | 20:57 / 17.03.2016
1610
2 дақиқада ўқилади

ШҲТнинг Тошкентдаги саммитида туризм соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича дастур қабул қилинади

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти аъзолари шу йилнинг июнь ойида Тошкент шаҳрида ўтказиладиган саммитда туризм соҳасида ҳамкорлик қилишни назарда тутувчи дастурни қабул қилишади. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ сайтида хабар берилган.

Манбада ёзилишича, 15-17 март кунларида Пекин шаҳрида ШҲТга аъзо давлатлар экспертларининг туризм соҳасидаги ўзаро ҳамкорлик масаласи бўйича учрашуви бўлиб ўтган.

"Тадбир давомида ШҲТнинг бўлажак Тошкент саммити якунлари бўйича қабул қилиниши режалаштирилаётган ШҲТга аъзо давлатларнинг туризм соҳасидаги ҳаморликни ривожлантириш Дастури лойиҳаси муҳокама қилинди", дейилади хабарда.

Пекинда ШҲТга аъзо давлатларнинг наркотик моддаларга қарши курашиш ваколати берилган органлари кенгаши раҳбарлари ҳузурида наркотик моддаларга талабни қисқартириш бўйича ишчи гуруҳнинг йиғилиши ҳам бўлиб ўтган.

Аъзо давлатлар вакиллари 2017-2022-йиллар учун Аксил-наркотик стратегияси ва уни бажариш бўйича Ҳаракат дастури лойиҳаларини муҳокама қилишган ҳамда наркотик моддаларга талабни камайтириш соҳасида ҳамкорлик масалалари юзасидан фикр алмашишган.