Жаҳон | 10:00 / 18.03.2016
2866
2 дақиқада ўқилади

Европанинг автомобиллар билан энг тирбанд шаҳарлари номлари маълум қилинди

INRIX компанияси Европанинг автомобиллар билан энг тирбанд шаҳарлари номларини маълум қилди. Кетма-кет иккинчи йил ҳайдовчилар учун энг муаммоли шаҳар Лондон бўлмоқда. 2012 ва 2013 йиллар бундай шаҳар деб Брюссель тан олинганди.

Йўлларнинг тирбандлиги даражаси муайян масофани эркин ўтишга кетадиган вақтни бу йўналишни тиғиз соатларда ўтишга кетадиган вақт билан таққослаш бўйича ҳисобланади.

2015 йилда лондонлик ҳайдовчилар ўртача 101 соат тирбандликда турганлар, бу 2014 йилдаги кўрсаткичдан 5,2 соатга кўпроқни ташкил қилган. Европада бу борада 2-рақамли шаҳар Германиянинг Штутгарт шаҳри бўлди, бу ерда ҳайдовчиларнинг тирбандлик сабабли 73 соат вақтлари бекор кетган, бу кўрсаткич 2014 йилдагидан 8,5 соатга кўпроқни ташкил қилган. 3-ўринда Бельгиянинг Антверпен шаҳри жойлашди, бу ерда ҳайдовчилар тирбандликда 71 соат вақт ўтказганлар.

Қуйида Европанинг энг тирбанд йўлларининг юқори ўнталиги келтирилган.

1. Лондон (Буюк Британия) 101 соат
2. Штутгарт (Германия) 73 соат
3. Антверпен (Бельгия) 71 соат
4. Кёльн (Германия) 71 соат
5. Брюссель (Бельгия) 70 соат
6. Москва (Россия) 57 соат
7. Карлсруэ (Германия) 54 соат
8. Мюнхен (Германия) 53 соат
9. Утрехт (Нидерландия) 53 соат
10. Милан (Италия) 52 соат

INRIX таққослаш учун АҚШдаги йўлларнинг тирбандлиги даражасини ҳам келтирди. Бу борада АҚШда 1-ўринни Лос-Анжелес (81 соат), 2-ўринни Вашингтон (75 соат), 3-ўринни Сан-Франциско (75 соат), 4-ўринни Хьюстон (74 соат), 5-ўринни Нью-Йорк (73 соат) эгаллади.

Бундан ташқари, мутахассислар Европанинг энг тирбанд йўлларга эга давлатлари номларини ҳам келтириб ўтишди. 2014 йилги натижалар каби 2015 йилда ҳам Бельгия, Нидерландия ва Германия мос равишда йўлларда йўқотилган ўртача вақт – 44, 39 ва 38 соат билан етакчи бўлди.