Жаҳон | 10:26 / 19.03.2016
1729
2 дақиқада ўқилади

Манба: Ростов-Донда қулаган Boeing самолётида Ўзбекистон фуқароси бўлган

19 март куни маҳаллий вақт билан соат 3:40да Дубайдан Ростов-Дон шаҳрига учишни амалга ошириш вақтида аэропортга қўниш олдидан қулаб тушган Fly Dubai авиакомпаниясига тегишли Boeing 737-800 самолётида жами 12 нафар хорижлик бўлган.

ТАСС агентлигининг охирги маълумотларига кўра, самолётда аввал айтилганидек 61 киши эмас (55 нафар йўловчи ва экипажнинг 6 нафар аъзоси) 62 киши бўлган. Яъни экипаж аъзолари сони 7 нафар бўлган.

Манбада айтилишича, экипаж аъзоларининг барчаси БАА фуқаролари эди. Шунингдек, йўловчилардан 5 нафари хорижлик экани айтилмоқда.

Хабар қилинишича, йўловчиларнинг 2 нафари украиналик, қолгани ҳиндистонлик ва ўзбекистонлик бўлган.

Айни вақтда Россия ФВнинг Ростов вилояти бўйича бўлимида ушбу самолёт ҳалокати қурбонлари ҳақида маълумот олиш учун 8-863-23-99999 телефон рақами ишламоқда. Шунингдек, авиаҳалокат бўйича маълумотлар олишда 8-800-775-17-17 рақамига қўнғироқ қилиш мумкин.

Ростовдаги аэропорт атрофига самолёт бортида бўлган йўловчиларнинг қариндошлари ва яқинлари бўлган 600 нафардан ортиқ киши йиғилган. Уларга руҳий ёрдам кўрсатиш учун махсус мутахассислар ҳам аэропортга юборилган.