Жаҳон | 09:19 / 20.03.2016
1720
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистонда парламент сайловлари бошланди

Қозоғистонда парламентнинг қуйи палатаси – мажилис ва маслиҳатга (ҳокимиятнинг маҳаллий вакиллик органлари) навбатдан ташқари депутатлик сайловларини ўтказиш учун сайлов участкалари очилди, деб хабар бермоқда Tengrinews нашри.

Мамлакатнинг аксарият ҳудудларида сайлов участкалари маҳаллий вақт билан 07.00 да (Тошкент вақти билан 06.00 да) очилди. Овоз бериш соат 20.00 да якунланади.

Парламентнинг қуйи палатасидаги ўринлар учун 6 та сиёсий партия кураш олиб бормоқда: етакчи «Нур Отан» партияси, демократик «Ак жол» партияси, Умуммиллий социал-демократик партия, Қозоғистон коммунистик халқ партияси, “Ауил” халқ-демократик ватанпарварлик партияси ва “Бирлик” партияси.

Сайлов давомида қуйи палатага 107 нафар депутат, жумладан партия рўйхатлари бўйича 98 нафар ва Қозоғистон халқи ассамблеяси номидан 9 нафар депутат сайланади.

Сайловни Қозоғистон Марказий сайлов комиссияси, 224 та ҳудудий ва 9840 та, жумладан хориждаги 68 та участка сайлов комиссиялари ўтказмоқда.

Кечаси соат 21.00 да овоз берганлар бўйича дастлабки маълумотлар маълум қилинади.