Жамият | 08:21 / 22.03.2016
10060
6 дақиқада ўқилади

21 март куни Абдулла Орипов 75 ёшга тўлди

21 март куни Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистон қаҳрамони, мустақил Ўзбекистоннинг мадҳияси муаллифи Абдулла Орипов таваллудига 75 йил тўлди.

Шу кунларда ўзбек халқининг буюк шоири, туркча шеъриятнинг ёрқин сиймоси Абдулла Ориповнинг 75 ёшига тўлгани шеърият мухлислари томонидан кенг нишонланмоқда. ХХ аср ўзбек шеърига бамисоли Наврўздай уйғониш олиб кирган шоирни муборак ёши билан чин юракдан қутлаймиз, саломатлик ва янги шеърлар тилаб қоламиз.

Ҳаёти ва ижоди. Абдулла Орипов 1941 йилнинг 21 мартида Қашқадарё вилояти Косон туманидаги Некўз қишлоғида туғилган. Қишлоқ Қўнғиртов этагига ўрнашган бўлиб, оқар сув тақчил бўлса-да, серёмғир келган йилларда кўкат-у майсаларга кўмилиб қоладиган кенгиш жой эди. Бу ҳақда шоирнинг ўзи: "Айниқса, баҳор пайтларида бу ерларга ёғин кўп тушар, Қўнғиртов этаклари минг хил ўт-ўлан, чучмома-ю қизғалдоқлар билан, қуёнтўпиғ-у исмалоқ билан, карраг-у ҳазорисфанд билан, қўзигуллар билан қопланар, атроф-теварак жаннатий бир манзара касб этарди. Сел сувлари тўпланиб қолган кичик-кичик кўлларни "қоқ” дейишарди. Унинг тоза сувини одамлар ташиб ичишар, бола-бақра чучмомай-у исмалоқ, замбуруғ териб, Қўнғиртов этакларида кунларини кеч қилар эди”, — деб ёзади.

Абдулла Ориповнинг отаси Орифбой Убайдулла ўғли ишбилармон деҳқонлардан бўлиб, жамоа хўжалиги раиси эди. Онаси Турдихол момо кўпчилик ўзбек аёллари сингари саришта, меҳнаткаш, меҳрибон, ғоят таъсирчан ва эзгуликка ташна аёл бўлган. Оилада тўрт ўғил, тўрт қиз бўлиб, Абдулла ўғилларнинг кенжаси бўлган.

Абдулла Орипов ўз қишлоғидаги етти йиллик мактабда таҳсил олади.

1958 йилда қўшни Тайзан овулидаги ўрта мактабни олтин медал билан битириб, Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ) "Ўзбек филологияси” факултети журналистика бўлимига ўқишга кирган ва уни 1963 йилда имтиёзли диплом билан битирган. Абдулла Орипов олий мактабни тугатгач, Тошкентдаги собиқ "Ёш гвардия” нашриётига муҳаррир бўлиб ишга киради. Бу ерда тўрт йил ишлагач, 1967—1974 йилларда Ғафур Ғулом номидаги нашриётда муҳаррир, катта муҳаррир бўлиб хизмат қилади. 1974—1976 йилларда "Шарқ юлдузи” журналида бўлим бошлиғи бўлади.

Шоир 1976—1982 йиллар орасида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг адабий маслаҳатчиси сифатида адабиётга энди кириб келаётган ёш ижодкорларга раҳнамолик қилди. 1982—1983 йилларда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Тошкент вилоят бўлимида масъул котиб бўлиб фаолият кўрсатди. 1983 йилда шоир ўқувчиларнинг журнали "Гулхан”нинг бош муҳаррири бўлди ва у ерда 1985йилгача, яъни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг котиби лавозимига ўтгунча ишлади. Уюшманинг котиби сифатида уч йил ишлаган Абдулла Орипов 1988 йилда Ўзбекистон Республикаси муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш қўмитаси раиси вазифасига ўтказилди. 1996 йилнинг март ойидан 2009 йилга қадар шоир Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг раиси вазифасида меҳнат қилди.

Абдулла Орипов 1983 йилда Ҳамза номидаги давлат мукофотига сазовор бўлди. Шу йили унга "Ўзбекистон халқ шоири” унвони берилди. 1994 йилда Алишер Навоий номидаги республика давлат мукофотига лойиқ кўрилди, 1998 йилда эса шоир "Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони билан тақдирланган. Абдулла Орипов Ўзбекистон Республикаси давлат мадҳиясининг муаллифидир.

Биринчи марта республика матбуотида "Қушча” деб аталган шеъри чиққан пайтда Абдулла Орипов талаба эди. Шоирнинг биринчи шеърлар тўплами "Митти юлдуз” эса 1965 йилда чоп этилган. Ундан кейин "Кўзларим йўлингда” (1967), "Онажон” (1969), "Руҳим” (1971), "Ўзбекистон”, "Қасида” (1972), "Хотирот” (1974), "Юртим шамоли” (1974), "Жаннатга йўл” (1978), "Ҳайрат” (1979), "Ҳаким ва ажал” (1980), "Нажот қалъаси” (1981), "Йиллар армони” (1983), "Ҳаж дафтари” (1992), "Сайланма” (1996), "Соҳибқирон” (1996), тўрт томлик "Танланган асарлар” (2000—2001) сингари қатор китоблари босилиб чиққан.

Ўтган йилнинг августида унинг жаҳон тарихида ўчмас из қолдириб кетган соҳибқирон Амир Темурга бағишланган «Соҳибқирон» шеърий драмаси нашр қилинди.

У Дантенинг "Илоҳий комедия” асарини, Л.Украинка, Т.Шевченко, Н.Некрасов, Қ.Қулиэв, Р.Ҳамзатов сингари шоирларнинг шеърларини ўзбекчага ўгирган.

Мен сени куйламоқ истайман
(Оқ шеър)

Мен сени куйламоқ истайман,
Сенинг юзларингни куйламоқ истайман,
Сенинг кўзларингни куйламоқ истайман.
Юзларким, малаги афсонада йўқ,
Кўзларким, жаннати ризвонада йўқ.

Мен сени куйламоқ истайман,
Аммо шундай куйласамки,
Йиртилиб кетса овоз пардаларим…
Мен сендан бўсалар олмоқ истайман:
Аммо шундай бўсаларким —
Тирқираб қон оқса лабларимиздан,
Зотан, одамлар севгисини ҳам
Алами, нафрати, қувончи каби
Ҳайқириб, ҳайқириб очиб ташласин.

Истайманки, наъра тортсин чақалоқлар ҳам,
Ўликлар ҳам тинч ётмасин қабрларида.
Мен ҳамма нарсани буюклигича кўрмоқ истайман
XX аср одамларида.
Зотан, бу аср
Ҳар қандай чекланиш, ҳар қандай қулликни
Итқитиб ташламоқда ўз елкасидан…

Бу асрнинг талаби оддий ва содда:
Юрагинг буюрган ҳар қандай гапни,
Тилагинг буюрган ҳар қандай гапни
Ҳеч кимдан тортинмай ўртага ташла,
Бўғзингда қолмасин овозинг асло!

Мен шу асрнинг бир митти фарзандиман,
Мен унинг бутун қўполлигини,
Бутун нозиклигини,
Бутун совуқлигини,
Бутун ҳароратини
Сенинг шу ғунчадек нозик лабларингга
Жо қилмоқ истайман, севгилим…

Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов Италия ҳукумати томонидан мукофотланди

Абдулла Орипов фожиали ўлим топган қариндоши хотираси учун шеър ёзди

Абдулла Ориповга "Италия юлдузи" ордени тантанали равишда топширилди