Спорт | 22:25 / 22.03.2016
2036
4 дақиқада ўқилади

Мухлислар Ўзбекистон термасининг Филиппинга қарши ўйини арафасида чипталар нархи кўтарилиб кетганидан шикоят қилишди

Фейсбук ижтимоий тармоғидаги maslahat.uz гуруҳида Ўзбекистон миллий терма жамоасининг 24 март куни Филиппин термасига қарши 2018 йилги Жаҳон чемпионатига саралаш доирасида ўтказиладиган ўйини учун чипталар олишдаги муаммолар қизғин муҳокама қилинмоқда.

Гуруҳ аъзоларидан бири ўйин бўлиб ўтадиган кундан 2 кун олдин Тошкент шаҳридаги "Бунёдкор" марказий ўйингоҳига чипта учун борганини, лекин стадион кассаларида чипталар қолмагани, қўлга чиқиб кетган чипталарнинг нархлари эса аслидагидан бир неча баробар қимматлашганига гувоҳ бўлганини билдирган.

18 март куни сотувга чиққан чипталарнинг нархлари марказий секторлар учун 20 минг сўм, дарвоза ортидаги секторлар учун эса 15 минг сўмдан этиб белгиланганди. Шикоятчининг айтишича эса, айни вақтда стадион атрофидаги олибсотарлар қўлидаги чипталар нархи 60 минг сўмдан бошланиб, 100 минг сўмгача бўлиб турибди.

У ўйингача ҳали 2 кун борлиги, лекин кассаларда чипта қолмаганидан ҳайрон бўлиб, гуруҳдошлардан шу муаммога эътибор қаратишни сўраган.

Пост остида фикр қолдирганлар бу масалада турличиа ёндашувларини кўрсатишган.

Кимдир бу муаммони чипталарни паспорт кўрсатган мухлисларга чекланган миқдорда сотишни йўлга қўйиш таклифи билан чиққан бўлса, иккинчи бир киши бу таклифга қаршилигини билдириб, "футболга тушиш учун ҳам паспорт кўтариб бориш"га рўйхушлик бермаган.

Бошқа бир фойдаланувчи, чипталарни кассадан сотиб олиб, устига нарх қўйиб сотаётганлар ҳам ўзича ҳақлилигини, уларнинг тирикчилиги шу эканини, талаб катталиги учун нархлар ўз-ўзидан ошгани ҳақида айтиб ўтган.

Бу фикрга аксар киши эътироз билдириб чиққан. Улардан бири бу муттаҳамлик эканини ва бундайлар маъмурий жавобгарликка тортилиши керак эканини қайд этган.

Соатлаб давом этган мунозарада бу масала бўйича Истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш агентлигига, Антимонополия идорасига ёки ЎФФга (Ўзбекистон футбол федерацияси) тўғридан-тўғри мурожаат қилиш кераклиги тавсия этилган. Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг ишонч телефони илова қилинган: 1091.

Кейинроқ, чиптафурушликни йўқотиш учун аввал чиптани йўқотиш кераклиги, унинг учун эса чипталарни сотишнинг электрон тизимини (e-ticketing) ишлаб чиқишни таклиф қилган. Бу орқали стадионга чипта учун бориб келишнинг ҳожати бўлмаслиги, навбат кутишларга вақт сарфланмаслиги каби афзалликлар ҳам санаб ўтилган.

Фикр билдирувчилар стадион раҳбарияти ва бошқа масъул шахсларга қаратилган танқидлар керакли жойда айтилмаса, бефойда бўлиши, бу гаплар обрўли ОАВ орқали ёритилсагина, фойда бериши мумкинлигини таъкидлашган. Шундан сўнг, пост остида интернет нашрларга хусусан, kun.uz ва tribuna.uz нашрларига мурожаат қилиниб, бу масалани кўтаришда ёрдам сўралган.

Шундан сўнг, гуруҳ аъзолари бу адолатсизликлар туфайли терма жамоа ўйинларни бойкот қилишга чақира бошалашади.

"Бир икки ўйинга кирмаслик керак. Бир чиптага бўкиб қолсин даллоллар", дея киноя қилади улардан бири.

"Оммавий бойкот қилиш керак. Токи чипталар кассаларда ўз нархида сотилиши таъминланмагунича, футболга бормаслик керак. Телевизорда кўрса ҳам бўлади ўйинни", дея хитоб қилади яна бир мухлис.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон - Филиппин учрашуви 24 март куни соат 18:00да бошланади.