Жаҳон | 10:45 / 22.03.2016
3098
2 дақиқада ўқилади

Непал ШҲТ ҳамкор-давлати мақомини олди

Непал Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг мулоқот бўйича расмий ҳамкор-давлат мақомини олди.

Тегишли меморандум ШҲТнинг Пекиндаги штаб-квартирасида ташкилот бош котиби Рашид Алимов ва Непал бош вазири Кхадга Прасад Шарма Оли иштирокида имзоланди, деб хабар беради ТАСС.

“ШҲТ 2001 йилда унинг аъзолари ўртасида хавфсизлик ва ўзаро ишончни мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилган. Унинг таркибига жаҳоннинг етакчи ва иқтисодиёти жадал ривожланаётган мамлакатлар киради. Непал ШҲТнинг қисми бўлиш истагини билдирган эди. Энди Непал тамойилларни назорат қилади ва нуфузли халқаро ташкилотнинг қадриятларига эътиборини қаратади”, - деб маълум қилди республика ташқи ишлар вазири ўринбосари Камал Тхапа.

“Биз муҳим воқеанинг гувоҳи бўлдик. Мулоқот бўйича шериклик мақоми Непалга ШҲТнинг кенг доирадаги фаолиятида ҳамкорлик қилиш имконини беради. Июнь ойида Тошкентда ШҲТ азо-мамлакатларининг юбилей саммити бўлиб ўтади. Шу доирада биз Непал билан ташкилотимиз ривожига қўшган муҳим ҳиссасига оид меморандум имзолашни кўриб чиқмоқдамиз”, - деди ўз навбатида Алимов.

Камбоджа, Озарбайжон, Непал ва Арманистонга назоратчи мақомини бериш тўғрисидаги сиёсий қарор 2015 йил Уфада бўлиб ўтган саммитда қабул қилинган эди. Пномпень ва Боку ўз мақомларини аввалроқ ҳуқуқий тасдиқлатиб бўлишган. Арманистон билан меморандум 16 апрелда имзоланиши режалаштирилган.

Ташкилот таркибига Қозоғистон, Қирғизистон, Хитой, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон киради. Кутилаётганидек, июнь ойида Тошкентда Ҳиндистон ва Покистоннинг аъзоликка қабул қилиниши тасдиқланади. Ҳозирда назоратчи мақомидаги Эрон ва Афғонистон ҳам тўлақонли аъзолик учун ариза билан мурожаат этишган.

“ШҲТ оиласи”га назоратчи ва ҳамкорлар билан бирга 18 та давлат киради. Яна қатор мамлакатлар умумий ҳисобда 3 миллиард нафар аҳолиси бор мамлакатларни бирлаштирувчи ШҲТ фаолиятида иштирок этиш истагини билдиришган.