Ўзбекистон | 12:21 / 05.04.2016
3375
2 дақиқада ўқилади

Устюрт ГКМ 2016 йилдан тўлиқ қувват билан ишлай бошлайди

Устюрт газ-кимё мажмуаси (ГКМ) 2016 йилнинг ўртасида тўлиқ ишга тушади. Бу ҳақида UzDaily "Ўзбекнефтгаз" корхонаси манбасига кўра хабар берди.

"Ўтган йилнинг 4-чорагида мажмуада барча қурилиш ишлари якунланди ва асбоб-ускуналар билан таъминлаш ишлари йўлга қўйилди. Илк тажриба маҳсулоти - полиэтелен партияси 2015 йил октябри охирида ишлаб чиқарилганди, ноябрда эса полипропиленнинг биринчи партияси чиқарилди. Ҳозирда завод янада фаоллашмоқда ва шу йилнинг ўрталарида юқори чўққига чиқишни режалаштирмоқда", - дейилади манбада.

Корхонада ишлаб чиқаришни кўтариш мақсадидаги лойиҳалаштириш ишлари давом этаётган бўлса-да, у Туркия ва Шарқий Осиё мамлакатларига биринчи экспортини амалга оширди. 2015 йилнинг декабридан полиэтилен, январдан эса - полипропилен экспорт қилина бошланди.

2008 йилнинг февралида "Ўзбекнефтгаз" миллий холдинг компанияси ва Кореянинг Kor-Uz Gas Chemical Investment консорциуми Сургилда Устюрт ГКМ қурилиши учун ҳамкорликда Uz-Kor Gas Chemical қўшма корхонасини ташкил қилганди.

Корея компаниялари консорциуми таркибига ҳозирги кунда Kogas, Lotte и STX Energy киради. Samsung Engineering, GS Engineering ва Hyundai Engineering корхоналари эса лойиҳани қўллаб-қувватлашди. ГКМ қурилиши 2012 йилда бошланган.

Лойиҳанинг умумий қиймати 4 миллиарддан ортиқ. Лойиҳани молиялаштириш хорижий молиявий институтлар консорциуми кредитлари, Uz-Kor Gas Chemical қўшма корхонасининг шахсий маблағлари, шунингдек Ўзбекистоннинг реконструкция ва тараққиёт фонди кредити ҳисобига амалга оширилди.

ГКМ йилига 4,5 миллиард куб табиий газни қайта ишлайди ва 4 миллиард куб газ, 400 минг тонна турли қалинликдаги полиэтилен, 100 минг тонна полипропилен ва 100 минг тоннача пиролиз ёнилғини ишлаб чиқаради.