Жамият | 20:34 / 06.04.2016
3733
2 дақиқада ўқилади

Олимлар югуриш ва пиёда юриш сурункали стрессларда ёрдам беришини аниқлашди

Пиёда юриш, югуриш, сузиш, зиналардан юқорига кўтарилиш каби аэроб машқлар сурункали стрессда юрак-томир тизими ишини нормаллаштиради. Бу ҳақда Experimental Biology 2016 анжуманида америкалик олимлар маълум қилишди. Ўтказилган тадқиқот тафсилотлари билан Америка психология жамияти сайтида танишиш мумкин.

Сурункали стресслар қон томирлари ҳолатига салбий таъсир кўрсатади ва юрак-томир касалликларининг пайдо бўлишига олиб келади. Бундай стрессларнинг асоратлари бўлиб аорта томирининг қаттиқлиги ошиши ёки тўқималарнинг эластиклиги камайиши ҳисобланади. Шимолий Виргиния университети олимлари аэроб машқлар аорта ҳолатини қанчалик яхшилашини текширишга қарор қилдилар.

Улар бу мақсадда каламушларни жисмоний фаоллиги бўйича 4 гуруҳга бўлишди. Тажрибалар 2 ойга яқин давом этди. Тадқиқотлар якунлангач, махсус йўлакчада югуриш машқларини бажаришга мажбур қилинган каламушларнинг юрак-томир тизими жисмоний фаолликда чекланган каламушларникига нисбатан 83 фоизга яхшилангани маълум бўлди.

Олимлар ўтказилган тадқиқотлар асосида сурункали стрессларни даволаш тизимига аэроб машқларни қўшишни тавсия қилишмоқда.