Жамият | 11:00 / 07.04.2016
2563
2 дақиқада ўқилади

Саудия Арабистони Green Card каби тизим жорий этишни режалаштирмоқда

Саудия Арабистони миллионлаб экспатларига (мамлакатда доимий яшовчи фуқароликни олмаган муҳожирлар) АҚШ лойиҳаси бўлган Green Card каби тизимни жорий этишни режалаштирмоқда. Бу ҳақида шаҳзода Муҳаммад ибн Салмон Ал Сауд Bloomberg нашрига берган интервьюсида айтиб ўтди.

Унинг фикрига кўра, бундай сиёсий қарор қиролликнинг иқтисодиётига қўшимча даромад келтиради.

Шаҳзода Муҳаммад Ал Сауд томонидан бу ҳақида кенгроқ маълумот берилмаган.

Қиролликда ҳозирги кунда тўққиз миллион хорижлик яшамоқда ва улар бутун мамлакат аҳолисининг учдан бир қисмини ташкил этади. Бу тизим янги ислоҳотларни ва мақсадларни бажаришни режалаштирган мамлакатга нефтга доир бўлмаган даромадларни сезиларли даражада ривожлантиришга ҳамда 2020 йилга қадар йилига қўшимча 100 миллиард доллар давлат бюджетига даромад келтиришга ёрдам беради.

“Америка Green Card тизимини такрорлаш субсидияларни қайта кўриб чиқиш, қўшимча қиймат солиғи, энергия манбаларига солиқ, ширин ичимликлар ва юқори сифатдаги маҳсулотлар солиқларни киритишга бўлган қадамлар десак ҳам бўлади”, - деб айтиб ўтди шаҳзода Муҳаммад Ал Сауд.

Шунингдек, интервьюда шаҳзода Муҳаммад Ал Сауд янги қонунчилик мамлакат иқтисодиётининг нефтга бўлган боғлиқлигини камайтиради ва нефтга доир бўлмаган хизматларни ривожлантиришга ёрдам беради, деган умидда эканлигини қўшимча қилди.