Жаҳон | 21:09 / 07.04.2016
1970
2 дақиқада ўқилади

Сингапурда коррупция билан боғлиқ жиноятлар сони энг паст кўрсаткични ташкил қилди

Сингапурда 2015 йилда коррупция билан боғлиқ жиноятлар сони энг паст кўрсаткични ташкил қилди. Сингапурнинг коррупция бўйича тергов идораси чоп этган маълумотларига кўра, 2015 йилда коррупция билан боғлиқ 132 та иш кўриб чиқилган.

Ҳисоботда таъкидланишича, бу ишларнинг 11 фоизида давлат хизматчилари аралашган бўлган ва бу кўрсаткич 2014 йилдагидан 4 фоиз камроқни ташкил қилади. Бундан ташқари, идора ўтган йили 877 та шикоят олган, бу эса 2014 йилдагидан 19 фоизга кўпроқ бўлган.

Мамлакат бош вазири Ли Сянь Лун ҳисоботга изоҳ бериб, "Сингапур мунтазам равишда коррупцияга қарши кураш бўйича халқаро рейтинглар етакчилари қаторига киришини" таъкидлаб ўтди. Унинг айтишича, Сингапурнинг коррупцияга қарши курашиш тизимини ўрганиш учун кўплаб давлатлар ўз вакилларини мамлакатга юборадилар.

Ли Сянь Луннинг айтишича, "республикадаги коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги муваффақиятларнинг асосий сабаблари кучли сиёсий раҳбарият, мустаҳкам аксилкоррупцион тизим ҳамда коррупциядан қочувчи жамиятнинг мавжудлиги ҳисобланади".