Фан-техника | 16:02 / 09.04.2016
2154
2 дақиқада ўқилади

Volvo XC90 бошқа машиналарнинг қувватини "ўғирлаш"ни ўрганди

Volvo компаниясининг шимолий Америкадаги шўъба корхонаси XC90 кроссоверининг гибрид русуми реклама ролигини намойиш этди. У, "Highway Robbery" (катта йўлдаги ўғирлик) деб номланган.

Американинг Grey агентлиги билан ҳамкорликда олинган видеолавҳада, гибрид машина бензинда ҳам, электр ёрдамида ҳамда бошқа машиналар ҳисобига юра олиши даъво қилинган.

Volvo ва Grey перистальтик насос каби ишлайдиган тизим яратишди. Унинг асосий таркибий қисми ичига сув тўлдирилган пластик қувурли юмшоқ полотнодан иборат.

Март ойи охирида полотно Калифорния жанубидаги йўллардан бирига ётқизилган. Автомобиллар ундан ўтганда, суюқлик тўлдирилган қувурлар сиқилган, натижада гидравлик энергия электр энергиясига айлантирилган. Ҳосил бўлган электр манбаидан Volvo XC90 батареяларини қувватлантиришган.

Йўл ёқасида шунингдек, автомобилни электр билан таъминлагани учун ҳар бир ҳайдовчига миннатдорчилик битилган рақамли табло ҳам ўрнатилди.

Volvo XC90 йўлтанламасининг гибридли моделига 320 от кучига эга 2 литрли турбинали бензин мотори ва 87 от кучига эга электр двигатели ўрнатилган. Электр мотори 9,2 киловатт-соат қувватли литий аккумулятори ёрдамида ишлайди.