Жаҳон | 12:48 / 10.04.2016
1826
2 дақиқада ўқилади

Миср ва Саудия Арабистони ўртасида 16 млрд долларлик капиталга эга инвестиция фонди тузилади

Миср ва Саудия Арабистони қўшма инвестиция фондини тузиш ҳақидаги битимни имзолади. ТАСС агентлиги хабар қилишича, бу фонднинг устав капитали 60 миллиард Саудия риали (16 миллиард доллар)га тенг бўлган.

Ҳужжатларни имзолаш маросими 9 апрель куни Миср пойтахти Қоҳира шаҳридаги Абдин саройида Миср президенти Абдул Фаттоҳ ас-Сисий ва Саудия Арабистони қироли Салмон ибн Абдулазиз Ал Сауд иштирокида бўлиб ўтган.

Бундан ташқари, икки мамлакат Синай ярим оролида эркин савдо ҳудудини яратиш ҳақида битим тузди. Ушбу лойиҳанинг энг муҳим таркибий қисмларидан бири Қизил денгиз орқали Синайдаги Шарм-аш-Шайхни Саудия Арабистони шимолидаги Тиран Рас-Ҳамид шаҳри билан боғловчи 50 километр узунликдаги кўприкни қуришдан иборат ҳисобланади.

Лойиҳа доирасида Саудия Арабистони 13та ишлаб чиқариш мажмуаси барпо этилиши учун 1,5 млрд доллар ажратади, шунингдек, Жанубий Синай маркази Эт-Тур шаҳрида қирол Салмон номидаги университет очилади.

Келишувга кўра, аҳоли учун тураржой бинолари, сув каналлари, 2та электростанция (улардан бири Қоҳира яқинида) қуриш режалаштирилган. Электростанциялар барпо этилиши учун сарфланадиган маблағ миқдори 2,2 млрд бўлади. Шунингдек, Исмоилия шаҳрида 2 млрд доллар эвазига қуруқ маҳсулотлар юкланадиган порт қурилади.

Қолаверса, Саудиянинг Aramco миллий нефть компанияси ва унинг мисрлик шериклари ўртасида ҳамжиҳатлик тўғрисидаги меморандум, экспорт ва ишчи кадрларни тайёрлаш соҳасидаги иккита компанияни таъсис этиш ҳақидаги битим имзоланди.

Бундан олдинроқ, томонлар турли соҳаларда ҳамкорлик қилиш бўйича 17та келишув ҳужжатини имзолашгани хабар қилинганди.

Саудия Арабистони ва Миср Қизил денгиз устида кўприк қуради

Миср Саудия Арабистонига Қизил денгиздаги иккита оролни топширди