Жаҳон | 20:51 / 12.04.2016
2085
2 дақиқада ўқилади

ОАВ: Япониянинг иккита жанговар кемаси 1945 йилдан бери илк бор Вьетнамга ташриф буюрди

Япониянинг иккита ракета эсминеци "Ариакэ" ва "Сэтогири" Вьетнамдаги Камрань ҳарбий-денгиз базасига етиб келди. Япон жанговар кемалари бу давлат сувларига Иккинчи жаҳон урушида Вьетнамнинг босиб олинишидан кейин биринчи марта кирди.

Kyodo ахборот агентлигининг маълум қилишича, кемалар Камрань базасида бўлган вақтда Вьетнам ҳарбий-денгиз кучлари билан машғулот ўтказади. Аввалроқ бу кемалар сув ости кемаси ҳамроҳлигида Филиппинга келган эди ва у ерда ҳам Филиппин ҳарбий-денгиз кучлари билан машғулотларда қатнашган.

Токио бу ҳолатни ўзининг Жануби-Хитойдаги ҳарбий жойлашувининг муҳим намойиши деб қабул қилмоқда. Бу ерда Вьетнам ва Филиппин Хитой билан стратегик муҳим ороллар ва сув ҳудудларига эгалик қилиш учун баҳслашмоқда. Пекин дунёдаги энг таранг денгиз транспорт трассалари ўтувчи бу ҳудуднинг катта қисмига даъвогарлик қилмоқда. Хитой баҳсли оролларга ўзининг ҳуқуқларини тасдиқлаш учун у ерда сунъий ороллар қурмоқда ҳамда уларда аэродром ва бошқа объектлар жойлаштирилмоқда.

Айни вақтда Жануби-Хитой денгизида АҚШ ҳарбий-денгиз кучларининг атом авиаташувчи кемаси John C. Stennis бошчилигидаги зарбдор гуруҳи жойлашган.