Иқтисодиёт | 22:58 / 12.04.2016
2507
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Япония 8 млрд долларлик қўшма лойиҳалар устида иш олиб бормоқда

Ўзбекистон ва Япония компаниялари умумий қиймати 8 миллиард долларлик лойиҳалар устида иш олиб боришмоқда. Бу ҳақда Mitsubishi Corporation корпорациясининг катта ижрочи вице-президенти Хидето Накахарага асосланиб, Спутник агентлиги хабар тарқатган.

"Ўзбекистон ва Япония компаниялари умумий қиймати 8 миллиард доллардан ошадиган янги инвестиция лойиҳалари устида иш олиб бормоқда”, — дейди Накахара Тошкент шаҳрида ўтган иқтисодий ҳамкорлик бўйича ўзбек-япон қўмитаси кенгашида.

Қўмита кенгаши давомида томонлар Япония компанияларининг Ўзбекистондаги нефтегаз, кимё ва электротехника, автомобилсозлик, телекоммуникациялар соҳаларида иштироки вариантларини кўриб чиқишди.

"Ўзбекистон томони Япония компаниялари билан биргаликда амалга ошириладиган лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилиши учун ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга, улар фаолияти учун қулай шарт-шароитларни яратишга тайёр”, — даган қўмита ҳамраиси, Ўзбекистон бош вазири биринчи ўринбосари, Молия вазири Рустам Азимов.

Маълумот учун, Япония Ўзбекистондаги энг йирик сармоядорлардан бири ҳисобланади. Япония Ўзбекистон иқтисодиятига 2,3 миллиард долларга яқин сармоя киритган. Шундан 1,5 миллиард долларга яқини имтиёзли кредитлар кўринишида, яна 700 миллион доллардан ортиғи тижорий кредитлар сифатида.