"Газпром" ва Туркия газ нархи бўйича бир тўхтамга келди
Россиянинг "Газпром" компанияси ва Туркия томони газ нархи бўйича бир тўхтамга келди. Ушбу масалада келишувга эришилгани хусусида яқин орада эълон қилиниши кутилмоқда. Бу ҳақда Sputnik агентлиги хабар қилмоқда.
Туркиянинг хусусий газ компаниялари ва Россиянинг "Газпром" компанияси шу кунларда ёқилғи нархини шакллантириш борасида зиддиятли масалаларни ҳал қилишган.
"Газпром" Туркиянинг Botas давлат компаниясидан ташқари, Enerco Enerji, Avrasya gaz ва Akfel gas (булар Akfel Holding гуруҳига киради), Bosphorus gas, Shell Turkey, Bati Hatti ва Kibar Enerji каби хусусий компаниялар билан ҳамкорлик қилади.
Ўтган йил апрелида газ учун 10,25 фоиз чегирма бериш юзасидан келишувга эришилган. Шу йилнинг март ойида Enerco enerji компанияси "Газпром экспорт"ни газ нархини кўтаришни талаб қилаётганликда айблаган эди. Турк томони ушбу таклифни рад этганидан сўнг, Россия томони ёқилғи етказиб беришни чеклай бошлаганди.