Жаҳон | 18:51 / 14.04.2016
1921
1 дақиқада ўқилади

Арманистон ШҲТда кузатувчи мақомини олиш ниятида

Арманистон ҳукумати, Шанхай ҳамкорлик ташкилотида кузатувчи мақомини олишни режалаштираяпти. Мамлакат ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизматига таянган ҳолда РИА Новости агентлиги хабар қилмоқда.

ТИВ маълумотларига кўра, Арманистон ташқи ишлар вазири Эдвард Налбандян Пекинда шу мазмундаги меморандумни имзолайди. У, 2016 йил 15 апрель куни икки кунлик ташриф билан Хитой пойтахтига сафарини бошлайди.

Налбандян Пекинда ХХР ТИВ раҳбари Ван И билан музокаралар ўтказади. Бундан ташқари, ШҲТ бош котиби Рашид Алимов билан ҳам учрашади.

Шанхай ҳамкорлик ташкилотига Россия, Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон давлатлари аъзодир. Белоруссия, Монголия, Ҳиндистон, Эрон, Покистон ва Афғонистон кузатувчи мақомига эга.

2015 йил июлида ташкилотга Ҳиндистон ва Покистонни қабул қилиш жараёни бошланган эди. Ҳозирда, ШҲТга Ўзбекистон республикаси раислик қилмоқда.