Жаҳон | 10:58 / 15.04.2016
1918
2 дақиқада ўқилади

Time: Сандерс 100 нафар энг нуфузли кишилар рўйхатида биринчи

АҚШ президентлиги учун сайловларда Демократик партиядан номзодини илгари сурган Вермонт штати сенатори Берни Сандерс Time журнали ўқувчилари томонидан дунёнинг энг нуфузли кишиси деб топилди. Журналнинг расмий веб-саҳифасида эълон қилинган овоз бериш натижалари шунга далолат қилади.

Сандерс сайловолди кампаниясидаги бош рақиби АҚШнинг собиқ давлат котиби Ҳиллари Клинтондан (1фоиз) сезиларли кўп, 3,3 фоиз овоз тўплашга муваффақ бўлган. Сенатор март ойи охирларида бошланган интернет орқали овоз бериш жараёнида, илк дақиқаларданоқ етакчиликни қўлга олган эди.

2015 йил декабрида айни журнал ўтказган сўровномада ҳам Сандерс "Йил одами" рейтингини бошқарган эди.

14 апрель куни эълон қилинган рўйхатда иккинчи ўрин жанубий Кореянинг Big Bang гуруҳига насиб этган (2,9 фоиз).

Учинчи ўринни Мьянма демократик кучлари етакчиси ва давлат маслаҳатчиси Аун Сан Су Чжи эгаллаган.

Time журнали ўқувчиларининг 2 фоизи АҚШ президенти Барак Обамага овоз беришган ва у тўртинчи ўринга жойлашган. Бешинчи ўринни покистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси ва Нобель тинчлик мукофоти совриндори Малала Юсуфзай (1,9фоиз) эгаллаган.

Журнал таҳририяти йилнинг энг кучли одами деб кимни ҳисоблаш зарурлиги хусусида ўз қарашини 21 апрель куни эълон қилади. Албатта, таҳририят танлови ўқувчилари фикридан фарқ қилиши мумкин.