Жаҳон | 11:55 / 16.04.2016
1712
2 дақиқада ўқилади

Арманистон ШҲТ ҳамкори мақомини олди

Арманистон Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг ҳамкори мақомига эга бўлди. Ташкилотнинг бош қароргоҳида, ташкилот бош котиби Рашид Алимов ва Арманистон ташқи ишлар вазир Эдвард Налбандян тегишли меморандумни имзолашди.

"Арманистон республикасига мулоқотдаги ҳамкори мақомини бериш тўғрисидаги меморандумнинг имзоланиши, ташкилот ва Арманистон муносабатларини янги босқичга чиқаришда ҳуқуқий асосни яратиб беради. ШҲТ замонавий талаблар ва таҳдидларга қарши биргаликда курашиш самараларини амалда кўрсатиб бермоқда. Бундан ташқари, иқтисодий, гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик кенгайиб бораяпти", - деган Налбандян.

"Арманистоннинг ШҲТ ҳамкори мақомини олиши, унга ташкилотнинг кўптармоқли фаолиятига қўшилиш имконини тақдим этади", - деб қайд этган ташкилот бош котиби.

Алимовнинг қайд этишича, меморандумни имзолаш билан ШҲТ давлат раҳбарларининг Камбожа, Озарбойжон, Непал ва Арманистонга ҳамкор мақомини бериш тўғрисидаги Уфа қарори ижроси якунланади.

Эндиликда, 6та давлат ШҲТнинг ҳамкори мақомига эга. Умуман, ШҲТ таркибига кузатувчи давлатлар ва мулоқотдаги ҳамкорлар мақомидаги давлатлар билан бирга 18 давлат киради. Кўпгина давлатлар, умумий аҳолиси 3 млрдга яқин ташкилот ишида қатнашиш истагини билдирмоқда.