Иқтисодиёт | 11:19 / 17.04.2016
4110
2 дақиқада ўқилади

Марказий банк ҳисоботи: Банкларнинг умумий капитали 8 трлн сўмдан ошди

Республика Марказий банкида банк тизимининг 2016 йил I чорагидаги фаолияти якунларига бағишланган кенгайтирилган мажлис бўлиб ўтди.

Ҳисобот даврида мамлакат банк тизимининг капиталлашув даражасини ошириш, унинг ликвидлигини янада мустаҳкамлаш, барқарорлигини кучайтириш борасида кенг қамровли тизимли чора-тадбирлар амалга оширилган.

Натижада банк тизимида эришилган кўрсаткичлар нафақат халқаро умумқабул қилинган меъёрларга мос келади, балки айрим йўналишлар бўйича ундан ҳам юқори кўрсаткичларга эришилган.

Хусусан, банк тизими капиталининг етарлилик даражаси 23,2 фоизни ташкил этиб, у халқаро банк назорати бўйича Базель қўмитаси томонидан 8 фоиз қилиб белгиланган талабга нисбатан қарийб 3 баробар зиёддир. 2016 йилнинг 1 апрель ҳолатига кўра, банкларнинг умумий капитали 8 трлн. сўмдан ошди.

Банк активлари 2015 йилнинг 1 апрель ҳолатига нисбатан 25,4 фоиз ўсиб, бугунги кунда 69,7 трлн. сўмга етди.

Банк тизими фаолиятининг асосий индикаторлари, чунончи, «банкларнинг умумий капитали етарлилиги», «тижорат банкларининг ликвидлиги», «депозитлар ҳажмининг динамикаси», «кредит қўйилмалари ҳажмининг ўзгариши» 2016 йилнинг I чораги якунлари бўйича юқори баҳоларга мос бўлди.

Банклар томонидан 2016 йил учун устувор вазифа қилиб белгиланган саноатда юқори технологияли ва замонавий бўлган энг муҳим объектлар ҳамда қувватларни ишга тушириш, ишлаб чиқаришни техник ва технологик жиҳатдан янгилаш ва модернизациялашга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Мажлисда банклар томонидан мижозларга замонавий банк хизматлари кўрсатиш ва аҳолининг банкларга бўлган ишончини янада ошириш борасида мавжуд ички имкониятлардан тўлиқ фойдаланмаётган айрим тижорат банклари ҳамда уларнинг бўлим ва филиаллари фаолияти қаттиқ танқид қилинди.