Жаҳон | 08:29 / 18.04.2016
1808
2 дақиқада ўқилади

Бразилия конгресси депутатлар палатаси президентнинг импичментини маъқуллади

Бразилия конгресси депутатлар палатасининг учдан икки қисми, яъни 342 нафар депутат 17 апрелда мамлакат президенти Дилма Роуссеффнинг импичменти (муддатдан аввал истеъфога чиқарилиш) учун овоз берди.

Шу тариқа, импичмент ғояси депутатларнинг кўпчилик қисми маъқуллашини олди, бироқ овоз бериш жараёни ҳали давом этмоқда. Импичмент бўйича якуний қарорни олий палата – Сенат қабул қилади. Сенатда 10 кун давомида махсус комиссия тузилиб, сўнгра сенаторлар импичмент масаласи бўйича овоз беришлари керак бўлади.

Президентнинг ўз лавозимидан 180 кунга вақтинчалик четлатиш учун камида 41 сенаторнинг овози, якуний импичмент учун эса Олий суд раҳбари раислигида сенатнинг алоҳида йиғилишини ўтказиш ва камида 54 овоз тўплаш керак бўлади. Бу ҳолда Бразилия раҳбари мажбуриятларини 2018 йилги сайловларгача вице-президент Мишел Темер бажаради.

Бразилия мухолифати президентнинг истеъфога кетишига ҳамда унга нисбатан солиқ қоидабузарликлари ва давлат маблағларини ўз манфаатлари йўлида ишлатишда алоқадорликка гумон қилган ҳолда тергов ўтказишга эришишга уринмоқда.

Депутатлар палатасида импичмент бўйича муҳокама кескин тарзда ўтди. Ҳар бир депутат микрофон ёнига келиб, 10 сония ичида ўз қарори ҳақида "ҳа" ёки "йўқ" деб айтиши керак бўлган. Бироқ деярли ҳар бир депутат белгиланган вақтдан чиқиб кетиб, Роуссефф тақдири ҳақида ўз фикрини айтишни ўзига жоиз деб билди.

Талаб қилинган 342 овоз тўплангандан кейин президентнинг истеъфога кетиши тарафдорлари буни нишонлай бошлашди. Улар сакраб, "Ҳа!" деб ёзилган плакатларни ҳилпирата ва қўшиқ айта бошлашган. Бу "хурсандчилик" 1-2 дақиқа давом этгач, овоз бериш жараёни давом эттирилган.