Спорт | 11:57 / 18.04.2016
2341
2 дақиқада ўқилади

Дзюдо бўйича ОЧ: Ўзбекистон жамоаси жамоавий баҳсларда олтин медалга эга бўлди

Тошкентда бўлиб ўтган Дзюдо бўйича Осиё чемпионатининг якунловчи учинчи кунида Ўзбекистон эркаклар жамоаси олтин медалга эга бўлди. Бу ҳақда Дзюдо федерацияси хабарига асосланиб, Газета.уз маълум қилган.

Қайд этилишича, эркаклар жамоаси турнир тарихида Ўзбекистон вакилларининг ягона олтин медалини олди.

Ўзбекистон аёллар жамоаси ярим финалга етиб келишга муваффақ бўлган ва натижаларга кўра, бешинчи ўринда қайд этилган.

Ўзбекистонлик дзюдочи аёллар жамоаси ҳал қилувчи беллашувда Қозоғистон жамоаси билан учрашди. Беллашувда Ўзбекистонлик Гулнур Сулаймонова (52кг), Амангул Алланазарова (57кг), Муҳаё Иброҳимова (63кг), Гулноза Матниёзова ҳамда Кумуш Йўлдошева қатнашди. Ўзбекистон вакиллари бу тўқнашувда 2:3 ҳисобида ютқазди.

Ўзбекистон эркаклар жамоаси эса қитъанинг энг кучли жамоаларидан бири бўлмиш Мўғулистон терма жамоасига қарши чиқди. 66 кг вазн тоифасидаги биринчи баҳсда Шарофиддин Лутфиллаев Тумурхулега Даваадорж устидан иппон усули билан ғалаба қозонди. Ундан кейин гиламга чиққан Мирали Шарипов (73кг) Одбаяра Ганбаатарни енгган. Учинчи беллашувда 81кг вазн тоифасида иштирок этувчи Яҳё Имомов Дагвасурен Нямсурен устидан ғалаба қозонди ва ҳисоб 3:0 кўринишига етди. Бу орқали эса кейинги 2 баҳс натижасидан қатъи назар Ўзбекистон ғалабасини таъминлади.

Дилшод Чориев (90кг) Отгонбаатар Лкхгвасуренга ютқизган бўлсада, Абдулла Тангриев (+100 кг) ўз рақиби Тувшинбаяр Найданни мағлубиятга учратди.

“Афсуски, кўплаб вакилларимиз жароҳат туфайли турнирда қатнаша олмади: Ришод Собиров, Шахзод Собиров, Шерали Жўраев. Лекин бу жамоанинг жанговар руҳига таъсир кўрсатмади. Якунда "олтин"га эга бўлди", дейди Ўзбекистон Дзюдо федерацияси раҳбари Армен Багдасаров тадбир якунида.

Дзюдо бўйича ОЧ: Ўзбекистон вакиллари ҳисобидаги медаллар сони 6тага етди