Жаҳон | 10:43 / 21.04.2016
1953
2 дақиқада ўқилади

Эрон ташқи ишлар вазирлиги: Эронда дунё опийсининг 80 ва героинининг 40 фоизи мусодара қилинади

Дунёда ишлаб чиқарилувчи опийнинг 80 ҳамда героин ва морфиннинг 40 фоизи Эронда мусодара қилинади. Бу ҳақда Эрон ички ишлар вазири Абдулризо Раҳмони Фазлий БМТ Бош ассамблеясининг гиёҳванд моддалар муаммосига бағишланган махсус сессиясида маълум қилди.

Фазлийнинг айтишича, 2015 йилнинг ўзида мамлакатда 620 тонна турли гиёҳванд моддалар мусодара қилинган.

Унинг таъкидлашича, Эрон "инсоний ва мулкий зарар кўриш оқибатида "ўлим савдогарларини" катта миқдордаги оғудан маҳрум қилган ва жаҳон ҳамжамиятининг бир қисмини гиёҳвандлик даҳшатидан ҳимоялаган давлатлардан биридир". Фазлий наркотрафикнинг олдини олиш бўйича ўтказилган катта кўламдаги кампания доирасида унинг мамлакати "3,8 минг жафокашнинг ҳаётини қурбон келтирганини" қўшимча қилди. Унинг айтишича, бу кампания давомида 12 минг эронлик жароҳат олган, мамлакат чегараларни мустаҳкамлаш учун миллионлаб долларлар сарфлаган.

Фазлий Эрон томонидан гиёҳвандликнинг олдини олиш ва уни даволаш бўйича миллий кампаниянинг ютуқлари ҳақида тўхталиб, 40 фоиз гиёҳвандлар шифохоналар ва зарарни камайтириш марказларига ўзлари кўнгилли тарзда мурожаат қилишларини ва бу дунёдаги энг юқори кўрсаткичлардан эканлигини қайд қилиб ўтди.

Эрон Хитой ва Саудия Арабистони билан бир қаторда гиёҳванд моддалар билан боғлиқ жиноятлар учун ўлим жазоси мавжуд бўлган бир неча давлатлардан бири ҳиcобланади. Махсус сессияда кўплаб давлатлар, жумладан Европа Иттифоқи ва Лотин Америкаси давлатлари бундай жиноятлар учун ўлим жазосидан воз кечиш ва асосий эътиборни гиёҳвандликни даволашга қаратиш кераклигини маъқуллаб чиқишди. АҚШнинг гиёҳванд моддаларни назорат қилиш миллий сиёсати бошқармаси бошлиғи Майкл Ботичелли "гиёҳвандликдан азият чекувчи, даволанишга муҳтож одамларни тақиб қилиш" ўрнига тақиқланган моддаларни ишлаб чиқариш ва контрабанда қилиш билан шуғулланувчи жиноий гуруҳларга қарши кураш олиб боришга чорлади.