Ўзбекистон | 09:19 / 22.04.2016
6309
2 дақиқада ўқилади

Қорақалпоғистонда фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайловига бағишлаб семинар ўтказилди

Қорақалпоғистон Республикаси Беруний туманида фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайловига тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ташкил этиш масалаларига бағишлаб семинар ўтказилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Халқ депутатлари туман Кенгашининг фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказишга кўмаклашувчи комиссияси аъзолари, фуқаролар йиғинларида ташкил этилган ишчи гуруҳи аъзолари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, маҳалла фаоллари иштирок этган тадбирда Президентимиз раҳнамолигида ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамияти барпо этишнинг муҳим омили бўлган сайлов институтининг мустаҳкам ҳуқуқий асоси яратилгани алоҳида таъкидланди.

– Туманда фаолият юритаётган 37 фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг барчасида ишчи гуруҳи ташкил этилган, – дейди Беруний тумани ҳокимлиги ташкилий-назорат гуруҳи раҳбари Шуҳрат Эрбўлов. – Оқсоқол ва уларнинг маслаҳатчиларига муқобиллик асосида номзодлар кўрсатиш давом этмоқда. Таклиф этилаётган номзодларнинг обрўли, ташкилотчилик қобилияти ва ҳаётий тажрибасига алоҳида эътибор қартилмоқда.

Тадбирда сайловни ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи комиссиянинг вазифалари, ишчи гуруҳ ваколатлари хусусида атрофлича маълумот берилди.

Мавзуга оид