Жаҳон | 19:46 / 25.04.2016
2311
2 дақиқада ўқилади

Обама Россияга "ҳақиқий улуғворлик"ни таклиф этди

АҚШ президенти Барак Обама Ҳанноверда Германия, Буюк Британия, Франция ва Италия етакчилари билан учрашувидан аввал, Россияга нисбатан санкциялар Минск келишувлари ижро этилгунга қадар амалда бўлиши, расмий Москва эса жаҳон ҳамжамияти билан ҳамкорлик қилиши зарур, деган фикрларни билдириб ўтди.

«Россия ҳақиқий буюклик қўшниларни қўрқитишда эмас, балки дунё давлатлари билан ҳамкорлик қилишда эканини англаб етишига ишонаман», — деб АҚШ раҳбари сўзларидан иқтибос келтиради Euronews телеканали.

Россия билан яхши алоқаларни олиб боришга интилаётганини қайд этган Обама, Минск келишувларидаги бандлар бажарилмагунча Россияга нисбатан жазо чоралари ўз кучида қолиши кераклигини таъкидлаган.

Обаманинг сўзларига кўра, Украинадаги «рус агрессияси» НАТОнинг шарқий Европадаги иттифоқчилари асабига тегмоқда ва «совуқ уруш давридан кейин эришилган тараққиёт»ни хавф остига қўймоқда. Обаманинг таъкидлашича, ҳарбий альянс бундан кейин ҳам Болтиқбўйи давлатлари, Польша ва Руминияни қўллаб-қувватлайди.

Ўтган ҳафтада Кремль маъмурияти «НАТО билан ўзаро ишончсизлик ҳукм сураётгани» ҳақида баёнот бериб, расмий Москва альянснинг нодўстона ҳатти-ҳаракатларини, хусусан Россия чегаралари яқинида ҳарбий салоҳиятини тобора кучайтираётганини қайд этган эди.

Ҳанноверда чиқиш қилган АҚШ президенти Европа хавфсизлигига ҳам тўхталиб, баъзан «Европа ўз хавфсизлиги борасида етарли даражада қайғурмаслигини» иддао этди. Унинг сўзларига кўра, НАТОнинг барча мамлакатлари мудофаа соҳасига ЯИМнинг 2фоизини сарф этишга ҳаракат қилишлари керак.

Америка етакчисининг айтишича, ЕИ глобал коллектив хавфсизликни таъминлаш мажбуриятининг бир улушини зиммасига олиши лозим. Обама, шунга биноан НАТОнинг июль ойида бўлажак саммитида, хавфсизлик бўйича мажбуриятни алъянснинг барча аъзолари тенг бажариши шарт, деган таклифни илгари суришини билдирди.