Жамият | 16:01 / 28.04.2016
15662
2 дақиқада ўқилади

Раҳматуллоҳ қори Сайфуддинов Тошкентдаги "Мирза Юсуф" масжидига имом-хатиб этиб тайинланди

2016 йил 28 апрель, пайшанба куни Тошкент шаҳри Юнусобод тумани “Бодомзор” даҳасидаги “Мирза Юсуф” жоме масжидига Раҳматуллоҳ қори Сайфуддинов имом-хатиб этиб тайинланди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари бошчилигидаги бир гуруҳ масъуллар “Мирза Юсуф” масжидида пешин намозига йиғилган намозхонларга янги имом-хатиб Раҳматуллоҳ қори Сайфуддиновни таништирдилар ва масжид қавмини муборакбод этдилар.

Раҳматуллоҳ қори Сайфуддинов кўп йиллардан буён диний соҳада фаолият олиб бормоқда. У Тошкент шаҳридаги “Юнусобод Оқ-тепа”, “Хўжа Аламбардор”, “Минор” каби жоме масжидларда имом-хатиб вазифасида самарали меҳнат қилган. Шунингдек, у Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида ўқитувчи вазифасида ҳам ишлаб келмоқда. 2011 йилда ўтказилган “Йил имоми” кўрик танлови Республика босқичининг мутлақ ғолибидир.

Бундан ташқари Раҳматуллоҳ қори Сайфуддинов ёшларни комил инсон қилиб тарбиялаш ва уларни турли таҳдидлардан ҳимоя қилиш борасида тинмай изланишлар олиб бормоқда. Жумладан, долзарб мавзудаги бир нечта диний-маърифий китоблари нашр этилган ва аудио-видео дисклари чиқарилган.

Раҳматуллоҳ қори Сайфуддиновнинг келгусидаги ишларига Аллоҳ таолодан муваффақиятлар тилаймиз, деб ёзади Ўзбекистон мусулмонлари идораси расмий веб портали.