Жаҳон | 10:41 / 29.04.2016
2254
1 дақиқада ўқилади

БМТ: Донбассдаги қуролли тўқнашувлар бошланганидан бери 9,3 минг киши ҳалок бўлган

Украина шарқида ихтилофлар бошланганидан бери ҳалок бўлганлар сони 9,3 минг кишига етган, 21 мингдан ортиқ киши жароҳат олган. Бу ҳақда БМТ бош котиби ёрдамчиси Тайе-Брук Зериҳун маълум қилган.

«2014 йилнинг апрель ойи ўрталаридан 2016 йилнинг 27 апрелига қадар Украина шарқидаги можаро ҳудудида фуқаролар, Украина қуролли кучлари ва қуролли тузилмалар аъзоларидан жами 30 700 киши жабрланган. Шундан 9300 киши ҳалок бўлган, 21400 киши жароҳатланган», — дейди у .

БМТ маълумотларига кўра, ҳозирда Украина шарқидаги ихтилоф ҳудудида гуманитар ёрдамга муҳтож 3 миллионга яқин киши истиқомат қилмоқда: 2,7 миллион киши қуролли тузилмалар назорати остидаги, 200 минг киши эса Украина ҳукумати назоратидаги ҳудудларга туташ манзилларда.

Тайе-Брук Зериҳун маълум қилишича, 2015 йилдан буён Донецк ва Луганск аҳолиси Киев ҳукуматининг ижтимоий таъминотидан маҳрум бўлган. Шунингдек, БМТ ва бошқа халқаро ташкилотларнинг бу ҳудуддаги фаолиятига йўл қўйилмаяпти.