Ўзбекистон | 17:13 / 30.04.2016
15103
3 дақиқада ўқилади

KOICA "Тошкент-4" янги аэропорт лойиҳасини ҳукуматга тақдим этди

2016 йилнинг 29 апрелида давлат дастурларини амалга оширишда беминнат ёрдам берувчи Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги    (KOICA) ва  "Ўзбекистон ҳаво йўллари" МАК Тошкент шаҳри аэропортида янги халқаро йўловчи терминали қурилиши учун техник-иқтисодий асосни ишлаб чиқиш лойиҳаси доирасида оралиқ семинар ўтказишди.

50 нафар киши техник-иқтисодий тадқиқотлар натижасини ўрганиш ва келажакдаги фаолият йўналишларини муҳокама қилиш учун семинарда иштирок этишди. Уларнинг орасида Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари Зокиров Б.И., Корея Республикасининг Ўзбекистондаги элчиси Ли Ук Хён, KOICA корхонасининг Ўзбекистондаги раҳбари Им Жонг Хи, "Ўзбекистон ҳаво йўллари" МАК бош директори Валерий Тян кабилар бор. 

Мазкур лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримов ва Корея Республикаси Президенти Пак Кин Хе 2015 йилнинг май ойида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Корея Республикасига ташрифи чоғида имзолаган беминнат ёрдам лойиҳалари қаторига киради. Икки мамалакат мансабдор шахсларининг эътиборини тортган лойиҳанинг амалга оширилиш ишлари 2016 йилнинг январида бошланиб, шу йилнинг июлида якунланиши кутилмоқда. Семинарнинг мақсади - Ўзбекистон ҳукуматига техник-иқтисодий тадқиқотлар натижаларини лойиҳа тугагунига қадар намойиш этишдан иборат бўлган. 

Ўзбекистон Республикаси бош вазир ўринбосари Зокиров Б.И. ўз нутқида Корея Республикаси ҳукуматига мазкур лойиҳани амалга оширишдаги ёрдами учун миннатдорчилигини изҳор қилди. У Ўзбекистон ҳукуматининг лойиҳани тезкорлик билан амалга оширилиши учун керакли чоралар кўришини билдирди. 

Таклифга кўра, Тошкент шаҳри аэропорти янги терминалининг қурилиши (Тошкент-4) 4 йил давомида амалга оширилади. Янги терминал майдони ҳозиргисидан (Тошкент-2) икки баробар, бинонинг йўловчиларга хизмат қилишга мўлжалланган ҳудуди эса уч баробар катта бўлади. 

Корея Республикаси элчиси Ли Ук Хён табрик нутқида лойиҳанинг икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик муносабатларида янги босқич бўлишини ҳамда Корея Республикаси ҳукумати қурилиш ва аэропорт эксплуатациясида корейс ноу-хауси ва тажрибасини қўллаб,  Тошкент аэропортининг Марказий Осиёдаги боғловчи аэропорт бўлиши учун бор кучини сафарбар этишини таъкидлади.