Жаҳон | 10:33 / 03.05.2016
16083
16 дақиқада ўқилади

Ахборот асрида жаҳон матбуоти эркин...ми?

БМТ Бош Ассамблеясининг 1993 йил 20 декабрдаги (№A/DEC/48/432)  резолюциясига биноан 1994 йилдан бошлаб  ҳар йили 3 майда Жаҳон матбуот эркинлиги куни (БМТнинг расмий тилларида: русча-Всемирный день свободы печати, инглизча World Press Freedom Day, испанча Día Mundial de la Libertad de Prensa, французча Journée internationale de la liberté de la presse) нишонланади. Бу борадаги қарор БМТ Иқтисодий ва Ижтимоий Кенгашнинг тавсиясига биноан қабул қилинган. Ундан аввал эса ЮНЕСКО Бош конференциясининг 26 сессияси  3 майни Жаҳон матбуот эркинлиги куни сифатида нишонлаш керак деган таклифни илгшари сурган эди. Бу сананинг танланиши бекорга эмас. 1991 йилнинг 3 май куни Намибияда Африка матбуотини ривожлантириш масалаларига бағишланган семинар бўлиб ўтиб, унда Декларация қабул қилинган эди. Аньанага биноан ҳар йили Жаҳон матбуот эркинлиги куни муносабати билан БМТ бош котиби  мурожаат билан чиқади.         

Авторучка, ёзув машинкаси, қоғозлар, оддий телефон ва халқ тилида магнитофон, радиожурналистлар тилида репартёр деб аталувчи техникалар ўрнини мобил телефонлари, компьютер, ноутбук, цифрли диктафонлар эгаллади. Журналистлар меҳнати анча енгиллашди. Замонавий технолигиялар журналистикани “тош асри”дан олиб чиқди ва бу соҳани бутунлай ўзгартириб юборди. Бироқ ОАВнинг холис, тўғри ахборот тарқатиш борасидаги масъулияти ўша-ўшалигича қолиши керак эди. Аммо минг афсуски, бундай бўлмаяпти. Радио ва телевидения пайдо бўлганидан кейин дунё ўзгариб кетди. Интернет пайдо бўлиши билан эса бутунлай ўзгарди. Информация озчиликнинг эмас, барчанинг мулкига айланди.

Айрим холларда ОАВ одамларга салбий таъсир кўрсатишидан кўз юмиб бўлмайди. Буни биз дунёда юз бераётган ходисаларнинг нотўғри талқин қилинган холда ёритилаётганидан кўриб билиб турибмиз.
“Ахборот асри” деб ном олган ҳозирги даврда ахборот энергия манбалари, табиий бойликлар қаторида стратегик ресурсга айланмоқда. Мутахасислар бир овоздан, ахборот тараққиётнинг бош омилига айланганини қайд қилишмоқда. Бу эса ахборот маконидан ва оммавий ахборот воситаларидан турли кучларнинг сиёсий ва геосиёсий вазифаларни хал қилиш учун “куч ишлатиш йўли” билан эмас, балки бошқача йўл билан фойдаланишга имкон берамоқда. Ахборотнинг жамият хаётидаги роли мислсиз даражада ўсишини башорат қилган немис файласуфи Освальд Шпенглер ХХ аср бошларида “Европа инқирози” асарида ёзганидек, бугунги кунда “жаҳоннинг икки ёки уч газеталари провинциал газеталарнинг фикрини ва уларнинг ёрдамида “халқ иродасинини йўналтириб” турибди. Журналистлар кўпдан бери қарийиб ҳар бир низонинг учинчи томонига айланиб қолдилар. Унинг натижалари кўп жихатдан ОАВнинг қайси томонни қўллаб-қувватлашга мойиллигига боғлиқ. Олимлар урушга муносабатнинг ўзгарганини айтишар экан, қуролнинг янги тури кашф қилинганлигини таъкидлашмоқда. Бу қурол - ахборотдир. Бундай қурол ёрдамида инсоннинг онги ва қалби нишонга олинади. Бу қурол ёрдамида онгга берилган зарбалар кишини адаштиради, уни ўз манфаатларига зид ҳаракат қилишга ундайди. Шу тариқа нафақат миллат турмуш тарзи, балки унинг яхшилик ва ёмонлик, оқ ва қора, савоб ва гуноҳ, рост ва ёлғон хақидаги тасаввурлари ҳам ўзгаради. Ахборот жараёнларининг ҳозирги низоларнинг боришига таъсирини ўрганаётган тадқиқотчиларнинг фикрича, ҳамма нарса ОАВларини назорат қилиб турувчи оз сонли кишилар томонидан ҳал этилади.

Бир сўз билан айтганда, ўзбекларнинг “оғзи қийшиқ бўлса ҳам бойнинг ўғли гапирсин” мақолини ҳозирги замон исботлаб турибди. Шу тариқа оқ нарса қора дейилмоқда, хоинлардан қаҳрамонлар яратилмоқда. Рус ёзувчиси А.П.Чеховнинг “Олтинчи Палата” повести ёдингиздами? Бош шифокор мансабини эгаллаш мақсадида бош шифокор ўринбосарининг хатти-харакатлари ахборот хуружини эслатмайдими? Соппа-соғ одамни жиннига чиқариб, ўзининг қабих мақсадларига эришган бош шифокор ўринбосарининг ишини ҳозир ғарб ОАВ ходимлари бажараётгандек. Жаҳон ягона ахборот майдонига айланиб бўлди. Журналистларнинг бир авлоди кўз ўнгида ахборотларни узатиш технологияси бутунлай, шу билан бирга тубдан ўзгариб кетди.

Таҳлилчиларнинг фикрича, матбуот фақат ахборот тарқатувчи восита бўлмай, у ёки бу давлатлар, маълум гуруҳлар, ўз манфаатларини турли йўллар билан ҳимоя қиладиган, ўз қарашлари, турмуш тарзини ўзгаларга сингдиришга уринаётган доиралар қўлидаги энг ишончли қуролга айланиб қолди. Ҳамкасбларимиздан бири ёзганидек, 21 аср мафкура қуролига айланди. Аслида ахборот эзгуликка, бунёдкор ғояларга хизмат қилиши керак. Аммо жаҳон матбуотини, айниқса Интернет сайтларини кузатиб, хориж телевидениеси кўрсатувларини кўрар экансиз, бунинг акси бўлаётганига ишонасиз. Авваллари телекўрсатувни 3-4 киши, радиолавҳани бир неча киши тайёрларди. Бу анча вақтни талаб қиларди. Энди эса Интернет, ижтимоий тармоқлар тараққий этгани боис қўлида мобил телефони бўлган одам ахборот тарқатувчига айланди, десак хато қилмаган бўламиз. Қизиқчиларимиз кўрсатган бир томошада қайд қилинганидек, авваллари машина уриб кетган кишига одамлар ёрдам беришга шошилган бўлса, эндиликда мана шу ходисани суратга олиб, тезроқ ўз танишларига узатиш урфга айланиб қолди.
Жамоатчилик фикрини чалғитиш айнан оммавий ахборот воситалари орқали амалга оширилмоқда. У ёки бу мамлакатни ёмонотлиғ қилиш, ўзи танлаган тараққиёт йўлидан қайтаришга бўлган уринишлар замирида тор манфаатлар ётибди.

Буюк бобокалонимиз  Ибн Синонинг қуйидаги тўртлигини эслаб кўрайлик:
Ўзни доно билан уч-тўртта  нодон
Эшак табиатин қилур намоён.
Улар қаторида сен ҳам эшак бўл,
Бўлмаса кофир деб қилурлар эълон.            

Шу ўринда яна бир ҳикоятни ёддингизга соламиз.
Ота-бола сафарга чиқибди. Ота эшакка миниб олган. Бола пиёда. Бир кўчадан ўтишаётганда одамлар кулишибди: “тентакларни қаранглар ота эшакда, бола пиёда” дея. Ўрин алмашибдилар. Бошқа кўчада “қаранглар ота пиёда, бола эшакда” дея яна кулишибди. Энди ота-боланинг ҳар иккиси  эшакка ўтиришибди. Бошқа бир кўчада “Қаранглар, битта эшакка икки киши миниб олибди” деб яна кулишибди. Машҳур шоирмиз бу ҳикоятни янгича талқин қилиб, “орага эшак тушиб ота-бола ажрашиб кетди” дея шеър ёзганлар. Шоиримиз  гўёки, эшакка урғу берган. Аммо чуқур фалсафа ётибди. Аслида шеърда миш-миш тарқатувчилар, воқеани нотўғри талқин қилувчилар эшак сифатида кўрилади.       

Интернетда адоват уруғини сочувчилар ҳам топилади. Улар интернетдан, энг сўнгги технологиялардан усталик билан фойдаланмоқда, шу орқали ўз ғояларини тарқатишмоқда.     

Ўтган йили Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Журналистика факультети талабалари билан учрашувда иштирок этдим. Суҳбат давомида глобал замоннинг глобал матбуоти хақида сўз юритилди. Талабаларни қизиқтирган саволларга имкон қадар жавоб беришга харакат қилдим. Шунда талабалардан бири “ўзбек журналистикасининг ғарб журналистикаси билан фарқи нимада?” деган саволни ўртага ташлади. Шу ўринда ўхшатиш сифатида стакандаги сув билан боғлиқ мисолни келтирдим. Ғарб матбуотида “стаканнинг ярми сув билан тўлмаган”, дейилса, биз “стаканнинг ярми сув билан тўлган” деймиз. Бизда келажакка ишонч (оптимизм)га катта аҳамият берилса, ғарб журналистлари гўё-ки одамларда тушкунликни (пессимизмни) уйғотишга уринаётгандек туюлади.

Талабалар билан учрашув тугагач анча вақт мана шу савол устида бош қотирдим. “Балки саволга етарлича жавоб бермагандирман”, деган фикрда юрдим. Яқинда Интернетда ўқиган ғарб матбуотига бағишланган латифа бу саволга тўлиқроқ жавоб бўлиши мумкин дея қўлга қалам олдим. Мана ўша латифа:      

 Парижга келган Рим папасини аэропортда кутиб олган журналистлар, ундан  “Париждаги фоҳишахоналарга муносабатингиз қандай?” дея сўрашади. Шунда у “Нима, Парижда фоҳишахоналар борми?” дея саволга савол билан жавоб беради. Эртаси куни газеталарда “Рим папаси аэропортда “Парижда фоҳишахоналар борми?” дея сўради” сарлавҳаси остида мақола босилди. Мана шу латифанинг ўзиёқ ғарб матбуотида воқеалар нотўғри талқин қилинишини, сўзлар матндан суғуриб олинишини англатади.
Шу ўринда яна бир латифа. АҚШ кўчаларида сайр қилиб юрган бир қизга ит хужум қилибди. Воқеага гувоҳ бўлган бир йигит қизни ҳимоя қилиш мақсадида итни ўлдирибди. Эртаси куни газеталар “Америкалик қаҳрамон йигит қизни қутқариб қолди” деган сарлавҳа остида мақола эълон қилади. Йигит “мен бу мамлакат фуқароси эмасман” дейди. Газеталар “Хорижлик мард йигит ватандош қизимизни қутқарди” дейишади. Шунда йигит “кечирасизлар мен арабистонлик мусулмонман” деб айтади. Энди газеталар “Исломий террорчи бегуноҳ кучукни уриб ўлдирди.....” дея урғуни қизнинг қутқарилишига эмас, итнинг ўлдирилишига беришади.

Мана шу икки латифанинг ўзиёқ жамоатчилик фикрини чалғитишга уриниш Оммавий Ахборот воситалари қўли билан амалга оширилаётганини кўрсатмоқда. Латифалар ўз йўлига. Энди воқеликка қайтайлик. Сўнгги ўтган йилнинг ёзида Покистонда кунлар исиб кетди, одамлар иссиқдан вафот этиши билан боғлиқ ҳодисалар учради. Ғарб матбуоти буни кенг ёритар экан, одамларнинг ўлимига Рамазон ойини ҳам қистириб ўтишди. Одамларнинг иссиқдан ўлаётганига рамазон ойи ҳам айбдордек, гўё. Худди шу каби ҳодисалар Европада ҳам бўлди, аммо у ерда бу ҳолат глобал иқлим ўзгариши сифатида талқин қилинди. Бу каби ғаразли ахборотларни тарқатиш ортида тор манфаатлар ётгани аниқ.
Одамлар онгини, дунёқарашини ёт ғоялар таъсирига бўйсундиришга интилиш холатлари айнан матбуот орқали амалга оширилаётгани ташвишлидир. Интернетдаги ижтимоий саҳифалар ҳам нафратга қаратилган даъватларга қарши курашиши лозим.

Одамлар дунёқарашини у ёки бу ғоялар таъсирига бўйсундиришда молпараст, шуҳратпараст ва амалпараст кучлар ўз мақсадларига эришиш, дунёни ўз ҳоҳиш иродаларига бўйсундиришда фойдаланмоқда. Бугунги кунда халқаро майдонда турли сиёсий кучлар ўзларининг миллий ва стратегик режаларига эришиш учун, эрамиздан аввалги 6 асрда яшаб ўтган файласуф ва харбий арбоб Сунь Цзи ёзганидек, хоин ва сотқинлардан фойдаланишмоқда. У ўз саркардаларига, “энг қабиҳ ва разил одамлар билан ҳамкорликдан фойдаланинг”, деб маслаҳат берган эди. Сиёсий кучларнинг узоқни кўзлаган асл мақсадларини ўз вақтида сезиш ва англаш катта аҳамиятга эга. Эълон қилинмаган ахборот урушларининг замирида ёлғон ахборот тарқатиш, ижтимоий онгини эгаллаш, миллий ва маданий қадриятларни йўқ қилиш, турмуш тарзимизга ёт ва бегона қадриятларни сингдириш мақсади ётгани аниқ. Бундан огоҳ бўлишимиз керак. Ахборот хуружи ёшлигимиздан бошланган десак янглишмаган бўламиз. Масалан эртакларда, дарсликларда айиқни асалхўр ҳайвон сифатида таърифлашарди. Энди билсак бу йиртқич ҳайвон бўлиб, хатто гўштхўр экан. Хориж телевидение кўрсатувларини кўраётганда, Интернетни титкилаётганда шу каби илк тассавурларга алданиб қолмаслигимиз, фарзандларимизга ҳам шу нарсаларни тушунтиришимиз керак.
     

ХХ аср охири - ХХ1 асрга келиб эса дунё бутунлай ўзгариб кетди. Ахборот-коммуникация сохаларининг тараққиёти, геосиёсий вазиятнинг кескин ўзгариши ким ахборотга эга бўлса ўша жамиятни бошқаришини кўрсатиб қўйди. Бу эса ҳар қандай давлат ва тузумнинг олдида долзарб муаммони келтириб чиқармоқда. Яъни, ҳар бир давлат ахборот хавфсизлигини таъминлаши ва информацион хуружларга қарши тура олиши керак. Шу каби муҳим вазифаларни бажарган давлатгина ўз миллий манфаатларини химоя қилган бўлади.
Ахборот хавфсизлиги ҳар бир давлат миллий хавфсизлигининг таркибий қисмидир. У давлат ва жамиятнинг барча соҳаларидаги миллий манффатларни химоя килишга қаратилган бўлиши керак. “Ҳар қандай давлатнинг оммавий ахборот воситаси чет эл таъсири остида қолар экан, жамият ўз тарихий идеаллари, қадриятларини бузишга йўналтирилган ахборотлар оғушида қолади”, деб ёзган эди америкалик олим Лэнс Беннет. Ҳозирги кунда жаҳондаги турли “куч марказларининг” геосиёсий қарама - қаршилиги “ахборот макони”га кўчди, деган гапларда жон бор. Яъни оддий сўз билан айтганда ахборот кимнинг қўлида бўлса ўша хақ бўлиб чиқмоқда.

Шу ўринда “бир жинслилар никоҳи билан боғлиқ ахборотларни тарқатишдан мақсад нима?” деган саволни ўзимизга бериб кўрайлик. Қабихлик қачондан бери қадрият, инсон ҳуқуқлари сифатида талқин қилинадиган бўлиб қолди? Бундай ахборот оқимлари омма тафаккурга жиддий таъсир кўрсатмоқда. Маънавиятсизликни тарғиб қилиш шармандалик эмасми? Энди улар одамлар кўз ўнгида табиат қонунларини ҳам, жамият қонунларини ҳам поймол қилишгача боришди. Нима учун улар инсоний қадриятларни эмас, биз уларнинг шармандаликларини ҳурмат қилишимиз керак?! Табиат қонуни эркак ва аёл жуфтлигини, жамият қонуни эркак ва аёл никохини кўзда тутади. Аммо эркакнинг эркак билан, аёлнинг аёл билан никохдан расман ўтишини қонунийлаштиришни нима билан оқлаб бўлади. Ғарбнинг “эркин матбуоти” мана шу ахлоқсизликни тарғиб қилиш билан овора. Лут қавми билан боғлиқ воқеани эсга олишимиз ва бу каби иллатнинг оқибати нима билан якунланганини асло унутмаслигимиз керак.
     

Айтишларича финларда “дераза ойнасини журналистлар синдиради, уни хукумат қайта ўрнатади” деган гап бор экан. Истардикки, ҳамкасбларимиз мана шу ойнани – тўғрироғи инсонларнинг кўнгил ойнасини синдирмасинлар. Кўнгил ойнасини қайта тузатиш ҳеч кимнинг қўлидан келмайди.      Таҳлилчиларнинг фикрича, журналистика жаҳондаги энг хавфли касблардан бирига айланиб қолди. Статистика маълумотларига кўра, бугунги кунда бир хафтада икки журналист ўлдирилмоқда. 2015 йилда турли сабабларга кўра оммавий ахборот воситаларининг 135 нафар вакили ўз хизмат вазифасини бажариб турган бир вақтда  халок бўлди. 2016 йилнинг бошидан бери эса 40 нафар журналист ўлдирилди. Журналистлар учун энг хавфли минтақалар сифатида Осиё, Лотин Америкаси, Яқин Шарқ ва Африка мамлакатлари кўрилади. Хизмат вазифасини бажараётган оммавий ахборот воситалари ходимларининг ўлимидан ташқари уларнинг жарохат олиши, ўғирланиши ва ҳибсга олиниши билан боғлиқ ҳодисаларни ҳам инкор этиб бўлмайди. Бу каби ҳодисалар Афғонистон, Сомали, Конго, ва  Мексикада тез –тез учраб туради.  ЮНЕСКО маълумотларига кўра, журналистика хавфлилиги бўйича яқин-яқингача учинчи ўринда турар эди, кейинчалик иккинчи ўринга чиқди. Эндиликда биринчи ўринни эгаллаб турибди. Чунки жаҳонда можаролар кўпаймоқда. Журналистлар бу можароларнинг олдинги сафида бўлиб, уларни кенг ёритишни касб тақозоси сифатида кўришади.

Шарофидин Тўлаганов
 

Мавзуга оид