Спорт | 16:47 / 09.05.2016
3868
1 дақиқада ўқилади
Платини расман УЕФА раҳбарлигидан истеъфо берди
Лозаннадаги Спорт арбитраж суди (CAS) Мишель Платинининг апелляциясини тўла қондирмагач, у УЕФА президентлигидан расман истеъфога чиққан. Бу ҳақда The Guardian хабар тарқатган.
Бундан олдинроқ, суд унинг футбол фаолиятидан четлатилиши бўйича жазо муҳлатини 6 йилдан 4 йилга, қўлланган жарима миқдорини 80 минг франкдан 60 минг франкка туширгани ҳақида маълум қилинганди.
Платини 17 май куни УЕФА раҳбарлигини расман тарк этиши кутилмоқда.
Қайд этилишича, у Швейцария фуқаролик судига мурожаат қилиб, курашни давом эттирмоқчи.
Эндиликда Платинининг футболдаги фаолияти якунлангани айтилмоқда, чунки у 2019 йилги ФИФА президентлиги учун сайловда иштирок эта олмайди.