Жаҳон | 11:27 / 11.05.2016
3917
2 дақиқада ўқилади

Apple'дан iMessage технологияси ўғрилиги учун 2,8 миллиард доллар талаб қилишди

IP-телефонлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган VoIP-Pal компанияси Лас-Вегасдаги АҚШ округ судига Apple устидан 2,8 миллиард доллар талаби билан даъво қилди. Бу ҳақида MacRumors хабар берган. 

Бельвьюда (Вашингтон штати) жойлашган VoIP-Pal вакиллари Apple компаниянинг қатор патентларини ноқонуний қўллаганини билдиришмоқда - хусусан, абонент iMessage сервисининг фойдаланувчисими ёки йўқлигини аниқловчи тизим асосида ётувчи алгоритм.

Даъво аризасида келтирилган 2 836 710 031 доллар миқдоридаги маблағ ошкор этилмаган муддатда Apple даромадидан 1,25 фоизли улуши ҳисобидан келиб чиқиб белгиланди.  

Маълум қилишларича, даъво аризаси 2016 йилнинг 9 февралида тайёр бўлган, бироқ VoIP-Pal вакиллари Apple билан қонун доирасидан ташқарида музокаралар олиб бораётганликлари туфайли ишнинг судга узатилишини орқага суришаётган эди. Даъвогар компания "патент тролли" эмаслигини таъкидлаб, ўзининг патент портфелини сотиб олиш ёки лицензиялаштиришни таклиф қилмоқда. 

Шу билан бирга VoIP-Pal компанияси AT&T ва Verizon мобил алоқа операторларига қарши шу маънодаги даъво аризаси билан чиқди.

4 май куни Apple Хитойнинг Xintong Tiandi Technology компаниясига қарши судда мағлуб бўлди. Баҳс мавзуси осиёлик ишлаб чиқарувчилар томонидан IPHONE брендининг фойдаланилгани бўлган. Мобил телефонлар учун чарм ғилофлар, сумкалар, портмоне ва яна бир неча шу турдаги маҳсулотлар шундай ном билан аталган.