Жаҳон | 18:12 / 11.05.2016
8588
2 дақиқада ўқилади

Европарламент Туркия учун визаларни бекор қилиш ишини тўхтатди

Европа парламенти раиси Мартин Шульц ва Ассамблеянинг сиёсий фракциялари етакчилари ЕИ томонидан Туркияга визасиз тартибни жорий қилиш бўйича муҳокамалар жараёнини тўхтатишга қарор қилишди, деб хабар қилмоқда Нидерландиянинг Европараламентдаги депутати Юдит Сиппель.

"Шульцнинг айтишича, биз Туркия ҳужжатларини барча 72 та шарт бажарилгандан сўнг кўриб чиқамиз", — дея депутат сўзларидан иқтибос келтиради Брюсселнинг EUobserver интернет нашри. 

Кейинроқ, Мартин Шульц матбуот котиби Армин Машмер Европарламент Туркия фуқаролари учун визасиз тартибни жорий қилиш масаласини "Анқара барча талабларни бажармагунча" кўриб чиқмаслигини тасдиқлади.

Визаларни бекор қилиш — қочқинлар масаласида расмий Анқара ва Брюссель ўртасида тузилган келишув бандларидан биридир. Унга кўра, Туркия ЕИнинг 72та талабини бажариши лозим. 

Еврокомиссия Европарламент ва ЕИ кенгашига мурожаат этиб, агар Туркия июнь ойи охиригача 72та талабнинг охирги 5тасини ҳам бажаргудек бўлса, турк фуқаролари учун виза чекловларини бекор қилишни тавсия этган эди. 

Коррупцияга батамом барҳам бериш чораларини кўриш, Европол (Европа бирлашган полицияси) билан оператив келишув юзасидан музокаралар ўтказиш, Иттифоққа аъзо барча давлатлар судлари билан ҳамкорлик, маълумотларни ҳимоя қилиш бўйича қоидаларни ЕИ меъёрларига тенглаштириш ҳамда терроризмга қарши кураш қонунчилигини қайта кўриб чиқиш шулар жумласидан. 

Туркия президенти Эрдўған Еврокомиссия қарорини кескин танқид қилиб,  расмий Анқара ўзининг аксилтеррор қонунларини ўзгартирмаслигини билдирди. Шу билан бирга, турк етакчисининг айтишича, унинг мамлакати "ўз йўлидан боради".