Ўзбекистон | 11:28 / 17.05.2016
32077
2 дақиқада ўқилади

Баҳодир Ҳодиев Тошкент давлат иқтисодиёт университетига ректор бўлди

Тошкент давлат иқтисодиёт университетига янги ректор тайинланди. Kun.uz сайтининг университетдаги манбаси берган хабарга кўра, Баҳодир Ҳодиев яна университет раҳбарлигига қайтган.

Баҳодир Ҳодиев 2014 йилнинг апрелидан бошлаб фан, таълим ва маданият масалалари бўйича Ўзбекистон президенти давлат маслаҳатчиси сифатида ишлаган. У бу лавозимда 2013 йилдан бери ишлаб келган, 2015 йилнинг 10 апрелидан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази директори этиб тайинланган Жаҳонгир Исмоилов ўрнига тайинланганди.

Ҳодиев 2015 йилнинг июлидан Ёшлар сиёсати, таълим, маданият ва спорт масалалари бўйича мажмуа раҳбари ҳамда тегишли равишда бош вазир ўринбосари сифатида иш бошлаганди.

Эндиликда у 2014 йилнинг апрелидан буён университетга раҳбарлик қилиб келган Болтабоев Махмуджон Рустамовичнинг ўрнини эгаллаган.

Болтабоев Махмуджон 2014 йилнинг апрелида Алишер Ваҳобов Тошкент давлат иқтисодиёт университети ректорлигидан Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига, Баҳодир Ҳодиевнинг ўрнига тайинланганидан кейин унинг ўрнини эгаллаганди. 

Ҳодиев 2010 йил мартидан 2014 йилнинг апрелигача вазирликка раҳбарлик қилиб келган – вазирликдан аввал Ҳодиев ҳам ТДИУда ректор сифатида ишлаган (2006-2010 йй).

Тошкент Давлат Иқтисодиёт Университети Ўзбекистоннинг иқтисодиёт соҳасидаги мутахассисларни етиштирувчи олий таълим муассасасидир. Ҳозирда олийгоҳда тахминан 7,000 нафар талаба ўқимоқда.

Университет 6та факультет (Иқтисодиёт, Бухгалтерия ҳисоботи ва аудит, Иқтисодиётда ахборот тизимлари, Банк иши, Халқаро туризм, Менежмент) ҳамда 21та кафедрани ўзида жамлаган.