ЕИ Туркияга визасиз режим киритилса, содир бўлиши мумкин бўлган терактлар хавфидан чўчимоқда
Муҳожирлик келишуви доирасида Туркия билан визасиз режим ўрнатиш Евроиттифоқда терактлар хавфини оширади. Бу ҳақида The Telegraph хабар қилди.
"Туркия фуқароларига ЕИга визасиз чиқиш ҳуқуқи берилиши билан хорижликлар турк фуқаросига айланиб, ЕИга визасиз чиқиш учун турк паспортини олишга ҳаракат қилишни бошлашади", - дейилади маърузада.
Еврокомиссия бу схема террорчи ва жиноятчиларга Евроиттифоқ мамлакатларига тўсиқларсиз кириш имконини беришидан чўчимоқда. Маърузада билдирилишича, "турк мафияси томонидан Европага катта миқдордаги гиёҳванд моддалар, одам савдоси, ноқонуний қурол ва қочоқлар ўтиши муаммоси ЕИда ўз кўламини кенгайтириши мумкин".
Маълумки, Еврокомиссия яқинда "уюшган жиноятчилик гирдобида қолган" Косово, Украина ва Грузияга визасиз режим ўрнатиш таклифини билдирганди.
"Косовога нисбатан жорий қилинган визасиз режим либерализацияси натижалари шуни кўрсатдики, наркотрафик, ноқонуний муҳожирликни енгиллаштириш, коррупция, пул ўмариш ва товламачилик, одам савдоси, қурол ташиш ва хорижий террорчи жангариларининг қайтарилиши Евроиттифоқнинг ички хавфсизлигига салоҳиятли таҳдид солади", - деди Еврокомиссия вакили.