Жамият | 11:48 / 20.05.2016
8195
2 дақиқада ўқилади

БМТ: дунё миқёсида ўртача умр кўриш кўрсаткичи 2000 йилдан бери беш йилга ўсди

Дунё миқёсида ўртача умр кўриш кўрсаткичи 2000 йилдан бери беш йилга кўпайди ва 71 ёшни ташкил этди. Бу ҳақда  Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг (БССТ) янги маърузасини ўқиб эшиттирган БМТ бош котибининг расмий вакили Стефан Дюжаррик журналистларга маълум қилди. Маълумотларга қараганда,энг узоқ умр кўрувчи кишилар Япония ва Швейцарияда, энг қисқа умр кўрувчилар эса - Сьерра-Леонеда яшашар экан.

"Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти дунё миқёсида ўртача умр кўриш 2000 йилдан бери 5 йилга ортганини маълум қилди. Бу 1960 йилдан бери энг кескин ўсиш ҳисобланади", - деди у. Стефан Дюжаррикнинг сўзларига кўра, 2015 йилда туғилган боланинг ўртача умр кўриш ёши 71,4 ёшни ташкил қилмоқда. Бунда қизлар тахминан 74, ўғил болалар эса 69 йил яшаши мумкинлиги қайд этилган.

Бундан ташқари БССТ экспертлари аниқ кўрсаткичлар инсоннинг туғилган жойига ҳам боғлиқлигига эътиборни қаратишмоқда. 

"Ўртача умр кўриш кўрсаткичи 86 ёшдан иборат япониялик аёллар энг узоқ ҳаёт кечиришга умид қилишлари мумкин, Швейцарияда эса эркакларнинг кўпроқ умр кўриши тасдиқланган, бу ерда ўртача умр кўриш 81 ёш деб белгиланган. Сьерра-Леоне аҳолиси энг қисқа умр кўрувчи ҳисобланиб, аёллар учун 50, эркаклар учун 49 ёш ўртача умр кўрсаткичини белгилайди", - дея таъкидлади Дюжаррик.