Спорт | 08:10 / 23.05.2016
6899
3 дақиқада ўқилади

Испания кубоги финали: «Барселона» қўшимча бўлимларда «Севилья»ни енгди

«Барселона» Мадриддаги «Висенте Кальдерон» стадионида кечган Испания Кубоги финалида «Севилья» билан учрашди. Ўйиннинг асосий вақтида ҳисоб очилмагач, ғолибни аниқлаш учун қўшимча бўлимларга ўтилди. Қўшимча бўлимларда урилган 2та гол каталонлар жамоасига мавсумни «олтин дубл» билан якунлаш имконини берди. 

Ўйиннинг 36-дақиқасида «Барселона» бир киши кам бўлиб қолди. Дарвозабон етказиб берган узатмани «Севилья» футболчиларидан бири бош билан қайтариши натижасида Гамейро дарвозабон билан яккама-якка вазиятга чиқиб бораётганида Маскерано уни формасидан тортиб йиқитди. Ҳакам Хавьерга тўғридан-тўғри қизил карточка кўрсатди. 

Иккинчи бўлимни «Севилья» фаол бошлади. «Барселона» рақибнинг тўпни назорат қилишига қўйиб бериб, ўзи ҳимояга ўтди. 50-дақиқада Банега кутилмаганда жарима майдончаси ташқарисидан зарба йўллади. Тўп Пикенинг оёғидан ўз йўналишини бироз ўзгартирди ва устунга тегиб қайтди.

Иккинчи 45 дақиқаликда каталонияликлар тўлиқ ҳимояланишди, устунлик андалусияликлар томонида бўлди. Улар яратилган бир нечта имкониятлардан фойдалана олишмади. Асосий вақтга қўшиб берилган дақиқаларда эса "кўк-анорранглилар" қарши ҳужум ташкил қилишди ва майдондаги футболчилар сонини тенглаштиришди. Мессининг узатмасидан кейин Неймар бирга-бир вазиятга чиқаётганида Эвер Банега бразилиялик ҳужумчини ортдан тепиб йиқитди ва қизил карточка олди. 

97-дақиқада Ҳорди Альба ҳисобни очувчи гол муаллифи бўлди. 121-дақиқада эса Даниэл Каррису «Севилья»нинг 9 киши бўлиб қолишига сабабчи бўлди. Бир дақиқа ўтар-ўтмасдан Неймар иккинчи голни урди. 

Шу тариқа, «Барселона» Испания чемпионлигидан кейин мамлакат кубогини ҳам ўзиники қилиб олди.

Маълумот учун, «Барселона» Испания Кубогини энг кўп — 28 марта қўлга киритган. Бу кўрсаткич Билбаонинг «Атлетик» клубида 23 тани, Мадриднинг «Реал»ида 19, «Атлетико»сида эса 10 тани ташкил қилади. «Севилья» эса Испания Кубогида 5 марта ғолиб бўлган. 

Испания Кубоги
ФИНАЛ
22 май, якшанба

«Барселона» — «Севилья» 2:0
Голлар: 1:0 – 97 Альба, 2:0 — 120+2 Неймар
Барселона – тер Штеген, Пике, Альба, Дани Алвес, Бускетс, Ракитич (Матье, 46), Маскерано, Иньеста, Неймар, Месси, Суарес (Рафинья, 57).
Севилья – Рико, Коке, Рами, Эскудеро, Каррису, Банега, Иборра (Льоренте, 105), Витоло, Крыховяк, Мариано (Коноплянка, 80), Гамейро.
Огоҳлантиришлар: Рами (73), Витоло (75), Альба (87), Неймар (89), Иньеста (90), Дани Алвес (90), Иборра (90), Крыховяк (92), Коноплянка (102), Эскудеро (104), Гамейро (114).
Четлатишлар: Маскерано (36), Банега (90), Каррису (120+1)