Ўзбекистон | 14:52 / 24.05.2016
10360
2 дақиқада ўқилади

ШҲТ ТИВ раҳбарларининг Тошкентдаги йиғилишида бир қатор ҳужжатлар имзоланди

Бугун, 24 май куни Тошкентда бошланган йиғилиш давомида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо бўлган давлатлар Ташқи ишлар вазирлари бир қатор ҳужжатларни имзолади. Шу жумладан, Ҳиндистон ва Покистонни ташкилотга қабул қилиш жараёнини белгиловчи ҳужжатлар қабул қилинди.

Ишчи йиғилишда Ўзбекистон ТИВ раҳбари Абдулазиз Комилов, Қозоғистон ТИВ раҳбари Ерлан Идрисов, Хитой ТИВ раҳбари Ван И, Қирғизистон ТИВ раҳбари Эрлан Абдиллаев, Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавров, Тожикистон ТИВ раҳбари Сирожиддин Аслов, ШҲТ бош котиби Рашид Алимов ҳамда ШҲТнинг Ҳудудий аксилтеррор тузилмаси ижроия қўмитаси директори Евгений Сисоев иштирок этмоқда.

ШҲТга аъзо мамлакатлар ТИВ раҳбарлари қуйидаги ҳужжатларни имзолашган:

"23-24 июнь кунлари Тошкент шаҳри мезбонлик қиладиган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгаши йиғилишининг кун тартиби лойиҳаси", "ШҲТ ташкил топганининг 15 йиллиги муносабати билан расмий Тошкент тайёрлаган декларация лойиҳаси", "ШҲТни 2025 йилгача ривожлантириш стратегиясини амалга ошириш бўйича лойиҳалар", "Ҳиндистонни ШҲТга аъзоликка қабул қилиш бўйича музокара жараёни", "Покистон Ислом Республикасини ШҲТга аъзоликка қабул қилиш бўйича олиб бориладиган музокара жараёни".