Ўзбекистон | 08:18 / 24.05.2016
23775
2 дақиқада ўқилади

Тошкент шаҳри ва бир қатор вилоятлардаги ОТМларда ўқув йили 10 июнгача якунланади

Ўзбекистон республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг 2016 йил 21 май кунги 205-рақамли "Ўқув жараёни графигига ўзгартириш киритиш тўғрисида" буйруғи эълон қилинди. Унга кўра Ўзбекистон пойтахти ва бир қатор вилоятлардаги Олий таълим муассасаларида жорий ўқув мавсуми ўз муддатидан эртароқ якунланади.

Раҳбарият топшириғига мувофиқ Тошкент шаҳар, Бухоро, Самарқанд, Хоразм ва Тошкент вилоятлари олий таълим муассасаларида ўқув жараёни графигига ўзгартириш киритган ҳолда таълим дастури ижросини таъминлаш мақсад қилинган.

Ҳужжатда Тошкент шаҳар, Бухоро, Самарқанд, Хоразм вилоятлари олий таълим муассасалари ректорлари ва филиаллар директорлари ҳамда Тошкент давлат аграр университети ректорига 2015-2016 ўқув йили ўқув режаларида белгиланган барча якуний назоратлар ҳамда якуний давлат аттестация синовлари (шу жумладан, битирув-малакавий ишлари ва магистрлик диссертациялари ҳимоялари)ни 2016 йилнинг 10 июнигача тугатилишини таъминлаш вазифаси юклатилган.

Шунингдек, мазкур олий таълим муассасалари ўқув жараёни графигига киритилаётган ўзгаришларга мувофиқ талабалар турар жойларида ўрнатилган тартибдаги ташкилий ишлар амалга оширилишини таъминлаш вазифалари берилган.

Ушбу буйруқ ижросининг назорати вазир ўринбосари Б.Усмоновга юклатилган.